19 Январ 2026 йил 3820

Тошкент шаҳар ИИББда “Маънавият ва маърифат дарси”

Пойтахт Ички ишлар Бош бошқармаси мажлислар залида ўтказилган “Маънавият ва маърифат дарси” “Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданияти”мавзусига бағишланди. Мавзусини ёритиш учун Ўзбекистон республикаси ИИВ Академияси Магистратураси “Бошқарув фанлари” кафедраси профессори, полковник Шариф Қобилов таклиф этилди. Маърузачи соҳа ходимларининг жамоатчилик ўртасида мавқеи ҳамда обрўсини ошириш, халқимизнинг мазкур касбга бўлган ҳурмат ва эътиборини кучайтириш, фуқаролар билан бўладиган муносабатларда ўзларини юксак маданиятли ва маърифатли инсон сифатида намоён этишларини таъминлаш масалалари ҳукуматимиз ҳамда вазирлик раҳбариятининг эътиборида эканлигини таъкидлади. Зотан, ходимларнинг фуқаролар, мансабдор шахслар билан муносабатлари, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги асосий вазифалари қаторида хулқ-атвор, одоб-ахлоқ мезонлари ички ишлар органлари ходимларининг касб маданияти ва хизмат интизоми кодексида белгилаб қўйилган. Фуқаролар ички ишлар ходимларидан фидойилик, ишчанлик, аниқлик, жонкуярлик, адолатли муносабат кутишади, ички ишлар ходими тимсолида ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳар қандай тажовузлардан ҳимоя қилишга тайёр бўлган ҳимоячиларни кўришни хоҳлашади. Шу билан бирга маърузачи ходимлар орасида баъзи бир камчиликлар ҳам йўқ эмаслигини, қўпол, менсимай, кибрли муомала қилиш кабилар ҳам аҳён-аҳёнда учраб туришини эслатиб, бундай хатти-ҳаракатлар нафақат ички ишлар ходими балки бутун тизим обрўсига путур етказишини қайд этиб ўтди.

Сўнгра ИИББ Ташкилий бошқарма юридик таъминлаш бўлими катта юрисконсульти, подполковник Камола Балтаходжаева “Стратегик режалаштириш ва ривожлантириш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш” мавзусига бағишланган маърузасини йиғилганлар диққатига ҳавола этди.

Тадбир якунида шахсий таркиб эътиборига “Таҳлилнома” ахборот дастури намойиш этилди.

Барча янгиликлар

Text to speech