23 Феврал 2026 йил 194

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг навбатдаги қабули Учтепа тумани аҳолисининг мурожаатларини ўрганишга қаратилди

Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, ҳар бир мурожаатга эътибор ва аҳоли билан очиқ, самимий мулоқот даражаси жамият тараққиётининг муҳим мезонларидан биридир. Мазкур даргоҳларга ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароитлар, муҳитнинг яратилиши бу жараённинг самарадорлигини оширса оширадики, кам қилмайди. Пойтахт ИИББ раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули Учтепа тумани аҳолисининг мурожаатларини ўрганишга қаратилди. Раҳбарият қабулига 30 дан зиёд юридик ҳамда жисмоний шахслардан мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатчиларнинг муаммоларини тинглаш, баён этилган важ-карсонлар, кўтарилган масалаларни ўрганиш давомида уларнинг 5 таси қабулхонанинг ўзида ижобий ҳал этилди. 2 таси бўйича малакали ҳуқуқий тавсия ва таклифлар берилди. Ўрганиб қонуний хулоса чиқариш учун қўшимча муддат талаб этиладиган 20 та мурожаатларнинг ижроси бўйича соҳавий хизмат раҳбарларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, назоратга олинди. Мурожаатлар мазмун-моҳиятига кўра: суриштирув ва тергов ҳаракатлари, мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, хизмат фаолиятини бошқа ички ишлар органларига кўчириш, йўл белгиларини ўрнатиш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларга оид, пробация ҳисобидан чиқариш, оила-турмуш доирасида келишмовчиликлар кабиларни ташкил этди.
Барча мурожаатлар раҳбарият томонидан эътибор билан тингланиб, уларда келтирилган масалаларга ечим топиш бўйича тегишли қарор ва кўрсатмаларнинг берилиши, аҳолининг адолатга, қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган ишончини янада орттиришга хизмат қилмоқда.

Қабулдан сўнг Бош бошқарма бошлиғи узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилиб нафақага чиққан 91 ёшли фахрий ходим хонадонига борди. Бир пиёла чой устида нуронийнинг хизмат йиллари ёдга олиниб, айни кунларда ички ишлар ходимлари хизмати учун яратилаётган иш шарт-шароитлари ҳақида суҳбатлашилди. Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимларининг малакасини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси сифатида ёш профилактика инспекторига тегишли кўрсатма ва насиҳатлар берилди.

Барча янгиликлар

Text to speech