20 Сентябр 2025 йил 508

Тошкент шаҳар ИИББ да “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди

Ёшларга эътибор – эртанги кунга қўйилган пойдевор мисоли. Давлатимиз раҳбарининг ҳузурида 2025 йил 14 февраль куни ёшлар билан очиқ мулоқот тарзида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бир қатор топшириқлар берилган эди. Уларни ижросини бажариш мақсадида, пойтахт ёшларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий саводхонлиги, онги ва қонунга итоаткорлик ҳиссини ошириш ҳамда ижтимоий–маиший муаммоларини ҳал этишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББда ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ҳам мана шу йўналишдаги муҳим тадбирлардан бири бўлди. Унда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев, Ёшлар ишлари Агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Бобур Мирзаев, ёшларга бириктирилган туман ИИО ФМБ бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, ёшлар ишлари агентлиги туман раҳбарлари, ДХХ ва бошқа масъул раҳбарлар иштирок этди.

Таъкидлаш лозим, шу йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида “Ёшлар баланси” шакллантирилиб, ўтказилган хатлов якунларига кўра, 4 549 нафар “қизил” тоифадаги ёшлар аниқланган. Шулардан 337 нафари пойтахт ИИББ томонидан оталиққа олиниб, 84 нафар ички ишлар органлари раҳбарлари уларга масъул этиб белгиланди. Эндиликда бу ёшларни доимий назорат қилиб бориш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ ташаббуси билан "Ёшлар билан ишлаш рақамли платформаси" жорий этилди ҳамда бириктирилган 337 нафар ёшлар ушбу электрон платформага киритилди.

Ўз нутқида Р.Султанходжаев Тошкент шаҳар тажрибаси тариқасида жорий этилган мазкур платформа ёшлар бўйича ягона рақамли маълумотлар базаси бўлиб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўз вақтида тўлиқ қабул қилиниши, ёшлар билан ишлаш жараёнлари шаффоф ва очиқ электрон тизим асосида йўлга қўйилганлигини таъкидлади.

Ушбу платформага, Тошкент шаҳар ИИББ Навбатчилик қисмига ва Мурожаатлар билан ишлаш бўлими тизимига мурожаат қилган, Хорижга чиқиш паспортини олган, Чет элга чиқиб кетган, пробация ҳисобида туриб суд томонидан белгиланган чекловларни бузган, йўл ҳаракати қоидаларини бузган, Республика миқёсида жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ушбу ёшлар ҳақида кунлик маълумот келиб тушади. Бу маълумотлар маҳалла профилактика инспекторига ҳамда бириктирилган раҳбарга шу заҳоти хабар бўлиб етиб келади ва улар томонидан тегишли чоралар кўрилади.

Бош бошқарма бошлиғи ўз нутқини якунлар экан, масъул раҳбарларга бир қатор топшириқлар берди. Жумладан, ҳар бир раҳбар ҳар ойда ўзига бириктирилган ёшлар билан учрашув ташкил этиш, оталиққа олинган ёшлар томонидан содир этилган ҳолатлар аниқланганда, ушбу ёшлар билан учрашиб, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўриш, ёшлар платформасига маълумотларни ўз вақтида киритиб бориш, ҳудудий профилактика инспекторлари томонидан тарғибот-ташвиқот ишларини доимий ўтказиб бориш кабилар.

Учрашув давомида сўзга чиққан Б.Мирзаев ёшлар учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Очиқ мулоқот давомида ёшлар ўзларини қийнаётган муаммолар ва мурожаатлари билан Бош бошқарма бошлиғига юзландилар. Ҳар бир мурожаат тингланиб, раҳбар томонидан асосли жавоблар берилди, ўрганиб чиқиш вақт талаб қиладиган мурожаатлар назоратга олиниб, масъулларга тегишли топшириқлар юкланди.

Учрашув сўнггида намунали ишлаган ёшлар етакчилари ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Сўнг эстрада санъаткорлари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилиб, йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.

Бу каби очиқ мулоқотлар Бош бошқарма бошлиғи томонидан мунтазам равишда ўтказиб келиниши белгилаб олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech