1 Январ 2026 йил 142

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султанходжаевнинг Янги йил табриги

Муҳтарам ҳамкасблар, ички ишлар органлари фахрийлари, хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган мард ва фидойи ходимларимизнинг оила аъзолари, азиз ҳамшаҳарларимиз ҳамда пойтахтимиз меҳмонлари!

Янги — 2026 йил остонасида барчангизни самимий муборакбод этаман. Ушбу йил ҳаётингизда эзгу ниятлар, орзу-умидлар ва хушхабарларга бой бўлсин.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан келаётган йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани юртимиз ҳаётида, хусусан, ички ишлар органлари фаолиятида янги босқични бошлаб беради. Бу ташаббус пойтахтимизда хавфсиз ва осойишта муҳитни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни янада кучайтириш, маҳаллаларда профилактик ишлар самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва уларга янги мазмун бағишлаш учун кенг имконият яратади.

Пойтахт ички ишлар бош бошқармаси томонидан жамоат тартибини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар келгуси йилда ҳам янги ёндашувлар, замонавий усул ва самарали механизмлар асосида янада кучайтирилади.

Азизлар! Янги йил диёримизга тинчлик ва осойишталик, тараққиёт ва равнақ, хонадонларимизга файзу барака, бахт-саодат ва фаровонлик олиб кирсин. Юртимиз осмони доимо мусаффо, халқимизнинг эртанги кунига бўлган ишончи янада мустаҳкам бўлсин.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, масъулиятли хизматингизда муваффақиятлар, оилаларингизга тотувлик ва хотиржамлик тилайман. Янги — 2026 йил муборак бўлсин!

Ҳурмат билан,

Равшан Султанходжаев

Барча янгиликлар

Text to speech