Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир саҳна кўринишларига уланиб кетди
Бугунги “Маънавият ва маърифат дарси” нинг мавзуси: буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг таваллуд кунига бағишланди. Шахсий таркиб олдида сўзга чиққан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети вакили Абдумурод Тилавов Навоий бобомизнинг буюк адабий мероси, шеърияти ҳамда шахсияти, жаҳон бадиий тафаккур тараққиётидаги муҳим ўрни ҳақидаги маълумотларни тақдим этди. Маърузачи Навоийгача бўлган давр, сиёсий-тарихий муҳит ҳақида гапираркан, болаликдаги дўсти Ҳусайн Байқаро ҳукмронлиги даврида юқори давлат лавозимларида ишлаб, бир пайтнинг ўзида қизғин ва сермаҳсул ижод билан шуғуллангани, шеърият хазинасидан ўрин олган асарлари, айниқса хамсанавислик анъаналари намунаси бўлган“Хамса”да жамланган “Ҳайрат-ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” – беш достоннинг ҳар бири достончилик тарихида тикланган маҳобатли ва муҳташам ҳайкал эканлигини таъкидлади. Шунингдек, шахсий таркиб эътиборига ИИББ қошида фаолият юритаётган “Ниҳол” бадиий ҳаваскорлик гуруҳи томонидан Ҳазрат Навоий ижоди ва ҳаётига бағишланган театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Тадбир “Таҳлилнома” ахборот дастури намойиши билан якунланди.