Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Бугунги кунда Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг тўртинчиси, айнан ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармасининг шахсий таркиби билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирнинг навбатдагиси китобнинг аҳамияти, инсоннинг шахс сифатида шаклланишида китобнинг тутган ўрнига бағишланиб, “Китобдек беминнат дўст бўлмас” сарлавҳаси остида бўлиб ўтди. Йиғилганлар олдида Тошкент Давлат юридик университети вакили Парвина Ғуломмаматова сўзга чиқиб, юртимизда китобхонликни ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб мутолаасига қизиқишни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотларни тақдим этаркан, афсуски, адабиётлар, ўқувчиларга тақдим этилаётган асарлар ичида инсон руҳиятига салбий таъсирга эга, ижтимоий ахлоқ-одоб қоидаларига зид бўлган ғояларни тарғиб қилувчи китоблар ҳам мавжудлигини таъкидлаб, улардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишга чақирди. Маъруза йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Маърузанинг мантиқий давоми сифатида “Турсун – дунёни тебратган етти буюк” номли китоби асосида тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Тадбир “Таҳлилнома” ахборот дастури намойиши билан якунланди.