11 Август 2025 йил 384

“Тўмарис издошлари” мусобақаси якунланди, ғолиблар аниқланди

Юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳоли кенг қатламларини спортга жалб қилиш давлат миқёсидаги мақсадли вазифалардан биридир. Шу каби вазифалар ижроси сифатида куни кеча Тошкент шаҳар ИИББда “Тўмарис издошлари” мусобақаси ўтказилди. Унда пойтахт ИИББ ва ҳудудий бўлинмаларида хизмат олиб бораётган 84 нафар аёл-ходималар 5 та йўналиш: “Эрудиция ёки билимдонлик”, ”Ўқ отиш тайёргарлиги”, “Ҳарбий тайёргарлик”, “Жисмоний тайёргарлик”, “Эпчил, тежамкор ва ораста бека” номинациялари бўйича қизғин баҳсларга киришдилар.

“Эрудиция ёки билимдонлик” шарти бўйича куч синашган иштирокчилар Ўзбекистон тарихи ва анъаналари, республикамиз Қуролли Кучларининг ҳарбий низоми, “Ўзбекистон республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом” ҳамда соҳавий хизматларга тааллуқли саволларга жавоб беришди. Иккинчи шарт бўйича ҳар бир жамоадан 6 нафар ходима қатнашиб, “Макаров” тўппончасидан нишонга ўқ узиш машқини бажардилар. “Динамо” сув ҳавзасида 6 нафар ходима эркин услубда 50 метр масофага сузиш бўйича мусобақанинг учинчи шартида беллашишди. Мусобақанинг иккинчи ИИББ ППХ бригадасида ўтказилган “Ҳарбий тайёргарлик” шартида белгиланган 5 донадан пичоқ отиш баҳсларида эса мусобақанинг иштирокчилари ўз мерганлик маҳоратларини намоён этдилар. Энг охирги “Эпчил, тежамкор ва ораста бека” шарти бўйича ҳар бир жамоадан қатнашган 6 нафар ходималар пазандалик истеъдодларини ишга солишди.

Мусобақа натижаларига кўра жамоавий ҳисобда 1-ўрин Яккасарой тумани ИИО ФМБ жамоасига, 2-ўрин Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ, 3-ўрин ИИББ ЙҲХБ ва ЖТСБ жамоаларига насиб этди. Шунингдек, яккалик баҳс натижаларига кўра “Эрудиция ёки билимдонлик” шарти бўйича энг юқори балл тўплаган Юнусобод тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори, лейтенант Дилфуза Асадова 1-ўринга, Яккасарой тумани ИИО ФМБ Котибият иш юритувчиси, сафдор Лобар Раҳмонова 2-ўринга, Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Назокат Тошбоева 3-ўринга муносиб деб топилди.

“Ўқ отиш тайёргарлиги” шарти бўйича 1-ўринни Яшнобод тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, катта лейтенант Моҳинур Жўрабоева, 2-ўринни Олмазор тумани ИИО ФМБ Ахборот технологиялар соҳасидаги жиноятларни олдини олиш бўлими инспектори, катта лейтенант Маъмура Салиханова, 3-ўринни ИИББ катта мутахассиси, кичик сержант Дилафрўз Жумагалдиева эгаллади.

“Жисмоний тайёргарлик” шартида 1-ўрин ИИББ ППХБ инспектори, сафдор Гулнорахон Имомовага, 2-ўрин Якккасарой тумани ИИО ФМБ Котибият катта иш юритувчиси, сафдор Шоҳсанам Мавлановага, 3-ўрин ИИББ ППХБ инспектори, сафдор Робия Қўчқороваларга насиб этди.

“Ҳарбий тайёргарлик” номинациясида энг юқори балл билан 1-ўринга Миробод тумани ИИО ФМБ Ёшлар масалалари бўйича профилактика катта инспектори, майор Азиза Оразбаева, 2-ўринга Юнусобод тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, капитан Дилноза Убайдуллаева, 3- ўринга Учтепа тумани ИИО ФМБ Кадрлар билан таъминлаш гуруҳи кичик инспектори, сафдор Гулноза Махсутовалар лойиқ топилди.

Мусобақа шартларини бажаришда ўз билимдонлиги ва маҳоратларини намойиш қилиб ғолибликни қўлга киритган аёл-ходималар Бош бошқарма раҳбарияти томонидан тегишли диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Кенг дунёқараши, касбий ва жанговар тайёргарликлари, шу билан бирга ораста уй бекаси бўлган Тошкент шаҳар ИИББ аёл-ходималари халқимизнинг оқиллик ва қаҳрамонлик, ватанпарварлик рамзи – Тўмариснинг муносиб издошлари эканликларини намоён этишди.

Барча янгиликлар

Text to speech