18 Август 2024 йил 981

Тиним билмас хизмат

Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида аҳолига онлайн электрон хизматлар, мураккаб вазиятларда шошилинч ва манзилли ёрдам кўрсатиш, жамоат хавфсизлигининг куч ва воситаларини масофавий бошқаришни автоматлаштириш ҳамда фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишда “102” хизмати ўз фаолиятини узлуксиз такомиллаштириб бормоқда.

Бизга азалдан таниш Навбатчилик қисми ҳозирда Ягона тезкор бошқарув маркази ҳуқуқий мақомида иш фаолиятини олиб бориб, пойтахт ҳудудида яшовчи ҳамда хорижий ва маҳаллий сайёҳларга “102” хизмати туну-кун хизмат кўрсатиб келмоқда.

Шу боисдан, “102” рақами жирингламаган кун йўқ.

– Қўнғироқлар нафақат қонунбузарлик, қоидабузарлик, жамоат хавфсизлиги, турли тартиббузарликлар ҳақида, балки маиший, ижтимоий масалаларни ҳам ўз ичига олади, – дейди  марказ “102” хизмати мутахассиси, капитан Нурилло Ҳамидов, – Вазифамиз мурожаатларни мазмун-моҳиятига кўра, тегишли соҳа хизматларига етказиш, зарурий куч-воситаларни йўналтириш, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни назоратга олиш, ижросини таъминлашга қаратилгандир.

Марказ ходимларини ўзига хос психологлар, десак янглишмаймиз. Ваҳоланки, турли тоифа инсонлар куннинг, туннинг исталган вақтларида исталган мавзуларда мурожаат қилишади. Ўз муаммоларига ечим, саволларига жавоб исташади, ҳатто уйқусизлик, ёлғизлик муаммосига ҳам. Бу ҳаёт. Буни тўғри тушуниш ва тўғри йўриқ бериш лозим. Шу боис уларнинг дунёқараши, билимлари ҳам нисбатан кенгроқ бўлиши зарур. Инсонлар билан мулоқот бу ҳам бир санъатдир аслида.

Капитан Нурулло Ҳамидов ички ишлар идораларидаги хизматини 2016 йилда сафдор лавозимида бошлаган эди. Бугунга келиб Марказнинг мутахассиси, капитан лавозимида. Ўз ишининг устаси. Албатта, устозлари “102” хизмати бошлиғи, подполковник Рустам Нарбаев, навбатчилик қисми бошлиғи Анвар Рустамовлардан бу соҳанинг ўзига хос жиҳатларини ўрганди.

Келаётган хабарларни ҳисобга олиш, саралаш, уларни тўғри йўналтириш, тезкорлигини таъминлаш, ижро назоратини амалга ошириш катта эътибор ва жавобгарлик талаб қиладиган жиҳатлар. Телефон гўшагини кўтардингми, демак унинг ортида юртимиз тинчлиги, жамиятимиз хавфсизлиги, инсон ҳаёти, соғлиғи, муаммоси ва ташвиши туришини ҳисобга олмоқ лозим. Ҳар бир мурожаатга тезкорлик билан муносабат билдириш – муаммо ечимининг илк қадамидир. Бежиз навбатчилик қисмини ички ишлар органларининг “юраги” демайди. Зотан, унинг қандай уриши жамиятнинг тинчлик ва осойишталиги, аҳолининг хотиржамлиги, ҳаёт бардавомлигини ифодалайди.

Барча янгиликлар

Text to speech