Пойтахт маҳаллаларида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш орқали маҳалла ҳудудларида жиноятликка барҳам бериш, криминоген вазиятни мўътадиллаштиришга эришиш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Шаҳримизнинг Учтепа туманида жойлашган “Тинчликобод” маҳалласи анчадан буён “қизил”тоифада бўлиб, тумандаги криминоген вазиятга қора кўланка солиб келмоқда. Мазкур ҳудуддаги аҳвол тубдан ўрганилиб, ҳолатни яхшилаш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаб олдини олиш мақсадида маҳаллага Бош бошқарма раҳбарияти томонидан қўшимча куч ва воситалар сафарбар этилди. Хусусан, тадбирга жалб этилган “Қўриқлаш” хизмати, ЖТСБ ППХ ходимлари томонидан мазкур ҳудудда маҳалланинг каттаю кичиги, фаоллари мутасадди ва масъуллар билан кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилди. Биргина 9 августнинг ўзида тадбиркорларга қарашли 5 та савдо дўконига ва 10 та хонадонга “ташвиш тугмаси”, маҳаллада жойлашган 14 та боғча ва хонадонлар атрофига видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Шунингдек, пробация назоратида бўлган 7 нафар фуқаро билан учрашув ўтказилиб, профилактик-огоҳлантириш суҳбатлари ўтказилди.
Мазкур чора-тадбирлар “Тинчликобод” маҳалласида тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш баробарида маҳаллани обод этиш, кўнгилларнинг эртанги кунга ишончини орттиришига хизмат қилиши шубҳасиз.