Инсон соғ-саломат бўлсагина ишнинг унуми, ижобий натижаси бўлади. Айниқса, ички ишлар ходимларининг хизмат вазифасини ўташ чоғида руҳий ҳамда жисмоний соғлом бўлиши зарурий шартлардан биридир. Уларнинг хизматга киришишга шайлиги, бемор бўлганларнинг эса яна сафга қайтишлари тиббиёт ходимларининг тажрибаси, малакаси, муомаласига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бунинг учун эса тиббиёт бўлимларимизни замонавий тиббий асбоб-анжомлар билан жиҳозлаш, шифокорларимизга етарли шарт-шароитлар яратиб бериш лозим. Бу жараёнларни ўрганиш мақсадида, кеча Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев Бош бошқарма тиббиёт бўлимига ташриф буюриб, бўлим фаолияти ва тиббиёт ходимларига яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. 2020 йилда қайта реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилган “А” секторида жойлашган бўлим поликлиникаси, Санитария-эпидемиология назорати маркази, Ҳарбий-тиббий комиссияси фаолияти билан танишаркан, шифокор ва ҳамширалар билан суҳбатлашди. Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда бўлимда идоравий тиббиёт хизматини такомиллаштириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини муҳофаза қилиш, хусусан, шахсий таркибнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи ва тиббий маданиятни юксалтириш борасида амалга оширилиши керак бўлган масалаларга тўхталди. Шунингдек, Республикамизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш, тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, замонавий талаблар ва стандартларни амалда тадбиқ этиш орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, нафақахўрларга юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, тизимда бошқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг илғор шакл ҳамда услубларини жорий этиш борасида ижобий натижаларга эришишимиз кераклиги таъкидланди. Беморларга амбулатор ва кундузги стационар тиббий хизмат кўрсатиш, даволаш муолажаларини самарали ўтказишни ташкиллаштириш борасида тиббий моддий-техника базасини яхшилашга эътибор қаратилди. Шу билан бирга муассасада электрон тиббий карталар жорий этиш, дори воситалари айланмасини назорати, касалликлар динамикасини реал вақт режимида кузатиш ва тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш, эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш мақсадида жорий этилган “Е-мед” комплекс ахборот-таҳлилий тизими билан ҳам танишди. Шунингдек, тиббиёт бўлими фаолиятида мавжуд муаммолар, амалга оширилиши лозим бўлган ишларга ҳам тўхталиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва топшириқлар бериб ўтди. Жумладан, барча шифокорларнинг хизмат хоналари эшикларига бир хил лавҳлар ўрнатилиши, иш жадвали вақтлари кўрсатилиши, соҳага оид соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи стендлар сонини кўпайтириш, таъмирталаб хоналарни таъмирлаш сифатини яхшилаш, ҳар бир қаватга масъул офицерлар бириктириш, ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича ходимларга амалий кўникмалар беришга урғу берилди. Ўрганишлар давомида бўлимнинг “Б” биносида бошланган қурилиш ишларининг якунланмаганлигига эътибор бериб, тез фурсатларда қурилишни тугатиш юзасидан масъулларнинг вазифалари белгиланиб, керакли топшириқлар бериб ўтди.