Жиноятга жазо муқаррар. Бу тамойил Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида аниқ-тиниқ кўрсатилган бўлиб, ҳар бир жиноят тури бўйича турлича жазо чоралари белгиланган. Айрим шахслар содир этган қилмиши учун қонун олдида жавоб бермаслик мақсадида ва жазосиз қолишга уриниб, қочиб, яшириниб юришни афзал билишади. Аммо улар бу қилмишлари билан жазони кечиктириши мумкин, лекин қутулиб қолишнинг иложи йўқ. Чунки, тезкор-қидирув хизмати ходимлари бунга асло йўл қўйишмайди ҳамда жазо муқаррарлиги принципини таъминлайдилар. Бу борадаги ишлар таҳлилига назар солсак, жорий йилнинг ўтган етти ойи мобайнида Тошкент шаҳар ИИББ ва унинг ҳудудий тизимлари томонидан тергов ва суд органларидан яшириниб келаётган 2688 нафар шахснинг 1168 нафари аниқланиб, ушланган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида белгиланган моддалар кесимида кузатадиган бўлсак, қуйидаги жиноятларни содир этган қидирувдаги шахслар ушланганлигини кўришимиз мумкин: 97-модда (“Қотиллик”) – 6 нафар; 104-модда (“Оғир тан жароҳати етказиш”) – 12 нафар; 118-модда (“Номусга тегиш”) – 4 нафар; 164-модда (“Босқинчилик”) – 14 нафар; 165-модда (“Товламачилик”) – 6 нафар; 166-модда (“Талончилик”) – 18 нафар; 135-модда (“Одам савдоси”) – 3 нафар; 169-модда (“Ўғирлик”) – 169 нафар; 168-модда (“Фирибгарлик”) – 532 нафар; 167-модда (“Ўзганинг мулкини талон-тарож қилиш”) – 42 нафар; 277-модда (“Безорилик”) – 24 нафар; 273-276-моддалар (Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ) – 75 нафар; бошқа турдаги жиноятлар бўйича 237 нафарни ташкил этади.
Шунингдек, узоқ йиллар аввал жиноят содир этиб, тергов ва суд органларидан қочиб юрган 73 нафар қидирувдаги шахслар аниқланиб, қилмишларига яраша жазо муқаррарлиги таъминланган. Мисол учун, 2012 йилдан бери қидирувда бўлган – Жиноят кодексининг 135-модаси 3-қисми билан айбланган 1977 йилда туғилган Рисолат 19 март куни, худди шундай 2019 йилдан 168-моддада назарда тутилган жинояти учун қидирувда бўлган 1991 йилда туғилган Бобур 4 март куни, 2019 йилдан Жиноят кодексининг 97-моддасидаги жиноятни содир этгани учун айбланиб, қидирувда бўлган 1984 йилда туғилган Олег 23 январь куни ИИО ходимлар томонидан қўлга олинган.
Ҳудудимизда жиноят содир этиб, МДҲ ва бошқа хорижий давлатларга чиқиб кетиб, жазодан қутулиш ниятида бўлган 37 нафар шахс хорижий ҳамкор ташкилотлар томонидан ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Шунингдек, республикамиз ҳудудидан чиқиб кетиб қўшни давлатларда жазодан қочиб юрган шахсларнинг манзилини аниқлаш ва ушлаш мақсадида МДҲ давлатлари: Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатларга уюштирилган хизмат сафарлари натижасида мазкур давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида 50 нафар қидирувдаги шахслар ушланди.
Мисол учун, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан айбланиб, қидирувда бўлган 1982 йилда туғилган Александр жорий йилнинг январь ойда Россия Федерациясининг Москва шаҳрида ушланиб, 2025 йил 26 апрель куни Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилинди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси бўйича айбланган, 2009 йилдан буён қидирувда бўлган 1980 йилда туғилган Ғайрат деярли 16 йил давомида қидирувда бўлган бўлсада, 2025 йил 3 июнь куни Россия Федерациясининг Москва вилоятида қўлга олинди. Жиноят кодексининг 167-моддаси билан айбланган, 2024 йилдан қидирувда бўлган 1981 йилда туғилган Фаррух Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида яшириниб юрган жойида 2025 йилнинг 15 апрелида ходимлар томонидан қўлга олинди.
Жиноят учун жавобгарлик муқаррарлиги ва қонун устуворлиги принциплари таъминланиб, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар қопланишига эришилган.
Жиноятлар оқибатида фуқаролар, давлат ва жамоат ташкилотларига етказилган 238 млрд 524 млн сўмлик моддий зарарлардан 212 млрд 389 млн сўми ёки 89,0 фоизи қопланган.
Қидирувдаги шахсларнинг ушланиши – фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга йўллаган мурожаатлари ҳал этилишига, ҳуқуқлари тикланишига, давлат идораларидан рози бўлишига хизмат қилмоқда.
Жиноят содир этиб, қонуний жазодан қочиб тергов ва суд органларига панд бермоқчи бўлган айбланувчилар қанчалик ҳаракат қилишмасин, вақтни чўзмасин, барибир қонун олдида жавоб беради. Қонун эса барчага баробар.