Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1 апрелидан 30 апрелига қадар Республика ИИВ тизимида “Халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш энг устувор вазифамиз” шиори остида “Маънавият ойлиги” ни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Унга кўра жойларда ходимларнинг маънавий-маърифий савиясини, маданий-ахлоқий даражасини ошириб боришга иштиёқини кучайтириш, билим ва салоҳияти, дунёқарашини кенгайтириш борасида қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Шундай тадбирлардан навбатдагиси пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида ўтказилди. Туман ИИО ФМБ ходимлари “Янги Ўзбекистон боғи” ва “Ғалаба боғи”га ташриф буюришди. Улар боғ ҳудудида юртимизнинг қадим тарихидан бугунги кунигача бўлган юксалиши ҳақида сўзловчи паннолар, стендлар ва тасвирлар билан яқиндан танишдилар. Боғдаги “Шон-шараф музейи, Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументлари, тарихий-бадиий экспозициялари қаторида боғларнинг кўкаламзорлаштирилгани, антиқа дов-дарахтлар ва гуллар билан ободонлаштирилгани ҳам уларнинг эътиборини тортди. Ходимлар ташрифдан илиқ таассуротлар билан қайтдилар. Шунингдек, туман ИИО ФМБ биносида китоб ярмаркасининг ташкиллаштирилиши ҳам нур устига аъло нур бўлди. Ходимлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган билимлар манбаи намойишида турли мавзулардаги китобларнинг тақдимоти, танлаш имконининг кенглиги боис, ходимлар нафақат ўзларининг балки фарзандлари ва оиласи учун қизиқарли ва зарур бўлган адабиётларни мамнуният билан харид қилдилар. Бу каби маърифий тадбирлар пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси тизимларида давом эттирилмоқда.