13 Июл 2025 йил 676

Талабалик курсисидан суднинг курсисига

Олий ўқув юртида ўқиш – у ерга кира олмай юрган ёшлар учун катта армон. Музаффар эса бундай имкониятнинг қадрига етмади. Ўз ҳаётини чиройли қуриш, бахтли, фаровон келажагини яратишга интилмади. У олийгоҳнинг сўнгги босқичида ўқиётганида айниди-қўйди. Институтни битириш арафасида ҳам дипломлик, ҳам автомашиналик, жарақ-жарақ пулларга эга бўлиш фикри уни жиноятга бошлади. Ўзи талаба эмасми, талабаларнинг эҳтиёж ва хоҳишларини яхши билган Музаффар ахборот тизими ва ахборот технологиялари имкониятларидан ўз ғаразли мақсадларида фойдаланишни режалаштирди. Ижтимоий тармоқларга кириб турли: “Студентлар учун арзон ижара”, “Талабалар учун арзон хонадонлар”, “Бепул ижарага уй топиб бераман”, “Кўнглингиздаги ижара – бизда” каби эълонларни киритиб, ижарага арзон яшаш жойи қидираётганларни қизиқтирди. 2023 йилнинг 1 октябрида С.Зафарбек эълонда кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қилди. Музаффар ҳақиқатда мавжуд бўлмаган уч хонали хонадонни уч юлдузли меҳмонхона сингари таърифлаб, мижозни қизиқтириб қўйди ва аввалдан, пластик картасига 50 АҚШ доллари ўтказишини айтди. Зафарбек шундоққина метро бекатининг ёнида жойлашган хонага кўчиб ўтишига кафолат бўлган – айтилган пулларни ўтказди. 3 октябрь куни Музаффарга қўнғироқ қилган К.Жавоҳир ҳам фирибгарнинг “тўрига” илиниб 50 АҚШ долларига тенг суммани Музаффарнинг пластик картасига ўтказди. 4 октябрь куни Н.Оқилахон 150 АҚШ долларини, 6 октябрь куни Қ.Турдимурод 1.000.000 сўмни телефонда кўрсатилган рақамларга ўтказиб беришди. Воқеанинг аввалида пул ўтказиб, “ҳожатбарорни” топа олмай пулига куйганлар чув тушганини аллақачон пайқаган ва ички ишлар идораларига мурожаат қилганларидан бехабар Музаффарнинг кейинги фирибларига ички ишлар органлари томонидан чек қўйилди.
Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди очиқ суд мажлисида Қ. Музаффарнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “г” бандлари (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Унинг зарарни тўлиқ қоплаганлиги, чин дилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима жазосини қўллади.

Мазкур жиноят иши тафсилотлари билан Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Тергов бўлими катта терговчиси, майор Шарофиддин Юлдашев таништирди.

Барча янгиликлар

Text to speech