Талабалар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича профилактик учрашувлар
Ёшларни жамиятимизга ёт, келажагини таназзулга етакловчи зарарли оқибатлардан ҳимоялаш, баркамолликка эришишларида тўғри йўл кўрсатиш, йўлчироқ бўлиш биз катталарнинг бурчимиздир. Жорий йилнинг 18 февраль куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг талабалари, билим даргоҳи маъмурияти, профессор-ўқитувчилари иштирокида бўлиб ўтган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ана шу мавзуларга қаратилди. Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган профилактик тадбирда Учтепа тумани ИИО ФМБ бошлиғининг ўринбосарлари, профилактика инспекторлари йиғилганлар эътиборига жиноятчиликка қарши кураш, гиёҳванд моддаларининг ноқонуний айланмаси, унинг мудҳиш оқибатлари, кибержиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ҳаётий маълумотларни тақдим этаркан, бу каби жиноятларга, ҳуқуқбузарликларга қарши кураш нафақат ички ишлар ходимларининг вазифаси, балки ҳар бир фуқародан огоҳлик ва ҳушёрлик талаб этиладиган муҳим жараёнлиги, айниқса ёшлар ўз келажагига масъул бўлишлари, ижтимоий тармоқлардаги турли ёлғон ваъдалар ва эълонларга ишонмаслиги ҳақида огоҳлантириш бердилар. Ҳар бир жиноий қилмиш учун қонунда белгиланган жазо турлари ҳақида маълумотлар келтирилиб, ёшлар огоҳлик ва ҳушёрликка чақирилди.Тадбир якунида масъул ходимлар талабаларнинг мавзуга оид кўплаб саволларига жавоблар беришди. Мазкур профилактик тадбир ёшларнинг ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлаб, қонунларга ҳурмат билан ёндашиш, ўз ҳаётлари ва келажаги учун масъулиятни ҳис қилиш каби туйғуларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.