5 Июл 2025 йил 2005

Соҳаси — бармоқлар “сирини” фош этиш

Ҳар бир жиноятнинг ёки уни содир этган жиноятчининг ўзига хос “қўли”, “изи” бўлади. Ана шу излар қанчалик тез ва тўғри ўрганилса, аниқланса, жиноят очилди, деяверинг. Жиноятчи ўз қилмишларини нечоғлик яширмасин, турли хийла-найранглар ишлатмасин, уни фош этиш, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш учун диққатни жамлаб, заррадек бир далилий ашё топиш – игна билан қудуқ қазигандек гап. Соҳанинг ўзига тортар томони ҳам ўшанда-да. Лавҳамиз қаҳрамони лейтенант Сардор Ниғматуллаев ўзини ана шундай “излар” билан ишлаш соҳасига бағишлади. Унинг бу қарорга келгани мактаб чоғларига бориб тақалади. Ўз орзусини рўёбга чиқариш учун у тинмай шуғулланди, китоб ўқишни қўлдан қўймади. Ўзбекистон Қуролли Кучларидан қайтибоқ, Республика ИИВ Академиясига ишонч билан ҳужжатларини топширди. 2023 йилда ўқув даргоҳини муваффақиятли тамомлаб, пойтахт Яшнобод тумани ИИО ФМБ ЭКБ эксперти лавозимида иш бошлади. ЭКБ бошлиғи, подполковник Эдуард Шестокрилов ҳамда катта эксперт, подполковник Ғанишер Мажановлар устозлиги остида назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлади. Биринчи мустақил иши ҳақида Сардор шундай ҳикоя қилади;

– “Дамас” автомашинасининг ойнасини синдириб, катта миқдордаги пул ўмарилгани ҳодисаси бўйича воқеа жойига чиқдик. Кун қизигандан қизиган. Тажрибали гуруҳ аъзолари аллақачон ўз ишларини тугатган. Биргина мен, терга ботиб “из” излаяпман. Улар менга ҳам умид билан, ҳам ишонқирамай қараб-қараб қўйишмоқда. Ўзим ҳам тушкунликка туша бошладим. Узоқ, синчиклаб кўздан кечириш жараёнида барибир “из” топишга муваффақ бўлдим. Хурсанд бўлганимни кўрганингизда эди. Изларни картотека орқали текшириб жиноятчини аниқлаганимда мендан бахтли одам йўқ эди, назаримда. Устозларим биринчи мустақил муваффақиятимни эътироф этишаркан, “ўз устингда ишлашдан эринма!” деган сўзлари доим қулоғим остида жаранглаб туради.

Лейтенант Сардор Ниғматуллаев ўз ишига ўта масъулият билан ёндашиши, пухта ва меҳнатсеварлиги боис раҳбарият эътиборига тушди ва жорий йилдан Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМ эксперти лавозимида, дактилоскопия йўналишида фаолият юритиб келмоқда. Албатта, Бош бошқарманинг Эксперт-криминалистика марказидаги иш ҳажми ва масъулияти тумандагидан фарқ қилади. Марказнинг бўлими бошлиғи, подполковник Шаҳзод Шакиров ёш ходимга янги иш жойида кўникма ҳосил қилиш ҳамда тажрибасини бойитиш бўйича яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Унинг орзуси - келгусида соҳанинг бошқа йўналишлари бўйича ҳам малакасини ошириб, юрт тинчлиги йўлида хизмат қилиш, пойтахтда тинчлик-осойишталикни сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш ишларига ўз ҳиссасини қўшиш.

Барча янгиликлар

Text to speech