Ўзбекистон Республикаси ва Сингапур Республикаси ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик ва дўстона алоқалар ўрнатилган. Кўплаб соҳаларда, хусусан, ички ишлар органлари фаолиятида ўзаро ўрганиш, маълумотлар ва тажриба алмашиш тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Сингапур Полицияси раҳбари Хунг Ви Тек бошчилигидаги делегациянинг юртимизга расмий ташрифи ана шу ҳар томонлама ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Меҳмонлар ташрифи доирасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида ҳам бўлишиб, Ягона тезкор бошқарув маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Марказнинг замонавий технологиялар асосида жиҳозланганлиги, пойтахт ҳудудида тинчлик-хотиржамликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳар бир жиноят ва ҳуқуқбузарликлар бўйича мурожаат ва хабарларга тезкор муносабат билдириш, олдини олиш борасида амалга ошираётган ишларига ижобий баҳо берилди. Бош бошқарма қошида фаолият юритаётган “Шон-шараф” музейига ташрифи чоғида у ердаги ички ишлар органлари фаолиятининг узоқ шаклланиш тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи асори-атиқалар, ёдгорликлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Шу билан бирга Бош бошқарманинг Ахборот мультимедиа маркази томонидан пойтахт ички ишлар органлари ходимларининг жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш борасида бугунги кун фаолиятини кенг аҳоли қатламларига етказиш, огоҳлик ва фаоллик ва ҳамкорликка чақириш бўйича амалга ошираётган ишлари ҳам меҳмонларнинг эътиборини тортди. Бу каби давлатлараро ўзаро ишончли ва дўстона ҳамкорлик соҳалардаги ижобий ўзгаришлар ва илғор тажрибаларни тадбиқ этиш жиноятчиликка барҳам бериб, юрт тинчлиги, осойишталиги ва ривожига катта ҳисса қўшиши шубҳасиз.