Йигитларга ҳарбий кийим жуда ярашади. Ўзгача савлат, виқор ва жасурлик бағишлайди. Авазбек ҳам Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида йигитлик бурчларини ўтаб қайтган яқинлари, маҳалладошларини ҳарбий кийимларда кўриб ҳаваси келарди. Тошкент Олий ҳарбий билим юртига кириб ўқиш, Ватан ҳимоячиси бўлишни ният қилган Авазбек ўқувчиликнинг охирги йилларида бутун диққат-эътиборини ўқишга, жисмоний чиниқишга қаратди. У 1996 йилда орзусига етишди. Курсантлик йиллари кўз очгунча ўтиб, 2000 йилда билим юртини муваффақиятли тугатган Авазбек Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИБ ППХ бригадаси 2-батальон 2-отряд взводи командири лавозимида, лейтенант унвонида иш бошлади. Билим юртида олган билимларини амалиёт билан бойитди, тажриба ва малакасини оширди. Унинг ўз вазифасига сидқидилдан ёндашуви, топшириқларни виждонан бажариши, масъулиятлилиги раҳбарият эътиборига тушди. 2011 йилда Тошкент шаҳар ИИББ Навбатчилик қисми катта инспектори лавозимига ишга тавсия қилинганида у майор унвонида, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлашга оид меъёрий ҳужжатларни тўлақонли ўзлаштирган, иш услубларини амалиётда самарали қўллай оладиган, зарурий тажриба ва кўникмаларга эга етук мутахассисга айланганди. Кейинчалик мазкур хизмат негизида ташкил этилган Ягона тезкор бошқарув марказида смена бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган подполковник Авазбек Ирисметов пойтахт ҳудудида содир этилаётган жиноят, ҳуқуқбузарликлар бўйича тушаётган мурожаат ва хабарларга тезкор муносабат билдириш, зарурий чора-тадбирларни тўғри ташкиллаштириш, ходимлар саъй-ҳаракатларини самарали уюштириш асносида кўплаб жиноят ва қонунбузилишларининг олдини олишга муваффақ бўлди. Шу ўринда юқоридагиларнинг исботи тариқасида куни кеча Шайхонтоҳур туманида содир бўлган босқинчилик жинояти тафсилотлари ҳақида маълумот бермоқчимиз. Тошкент шаҳар ИИББнинг “102” телефон рақамига босқинчилик ҳақида хабар тушиши билан Авазбек аризачи билан боғланди ва воқеа тафсилотларини сўради. Босқинчиларнинг ҳужумидан эсанкираб қолган жабрдийда улар минган машинанинг русуми “Nexia” эканлиги фақат ҳудудий рақами – “40” сони ёдида қолганлигини айтди. Авазбек зудлик билан босқинчилик "Nexia" автомашинасида, ҳудуд рақами “40”лигига эътибор қаратиш, барча шаҳардан чиқувчи ва шаҳарда ҳаракатланувчи шу рақамли автомашиналар тўхтатилиб текширилиши бўйича “Қўлга олиш” тадбирини эълон қилди. Жабрланувчи босқинчилар Юнусобод тумани томон ҳаракатланганини таъкидлаганига қарамай, кўрсатма асосида қатъий иш олиб борган ходимлар худди шундай рақамли автомашинани шаҳар ҳудудидан чиқишда жойлашган “Эркин” постида тўхтатишди. Авазбек тўхтатилган автомашинадаги шахсларнинг суратини ташлашни сўради. Суратни телеграмм тармоғи орқали жабрланувчига кўрсатганида у босқинчиларни таниди. Постга етиб борган Бош бошқарма раҳбариятига бу ҳақда маълумот берди. Автомашина текширилганда, жабрланувчидан тортиб олинган 20.000 АҚШ доллари, бошқа автомашинага тегишли бўлган давлат рақам белгиси ашёвий далиллар сифатида олинди. Тошкент шаҳар ИИББ Ягона тезкор бошқарув маркази ходимлари жумладан, подполковник Авазбек Ирисметовнинг тезкор хатти-ҳаракатлари, жабрланувчидан зарурий маълумотни олиб тадбирни тўғри ташкиллаштира олгани боис ушбу босқинчилик жинояти “иссиқ изидан” очилишига эришилди. Айни пайтда мазкур босқинчилик бўйича жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар қўлга олинган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.