Сергели туманида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан қатор амалий тадбирлар ташкил этилди
Ёшларни турли салбий иллатлардан асраш, ҳуқуқий онги, маданиятини шакллантириш, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали хавф солаётган гиёҳвандлик, диний-экстремизм, бузғунчи ғоялар, кибержиноятлардан асраш борасида пойтахт ички ишлар органлари томонидан қатор тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида ўтказилаётган профилактик тадбирларни бунга мисол тариқасида келтириш мумкин. Хусусан, туман ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Баходир Анваров туманда жойлашган 300-умумтаълим мактабида ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этган очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда ўқувчи томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик муҳокамасига эътиборни қаратди. Ўқитувчи ҳамда ота-оналар бола тарбиясига катта эътибор қаратиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга, ижтимоий тармоқларда қандай ҳаволаларга кираётганини назорат қилишга, турли таҳдид ва хавф-хатардан огоҳ бўлишга чақирилди. Ёшларни гиёҳвандлик иллати ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали хавф солаётган, ёшлар онгини заҳарлашга қаратилаётган салбий унсурлардан асрашдек долзарб мавзуга бағишланган шундай тадбирлар туманда жойлашган бошқа умумтаълим мактаблари ҳамда университетда ҳам ўтказилди. Соҳавий хизматлар масъуллари ҳам қатнашган мазкур учрашувларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг инсон саломатлиги, руҳиятига зарарли таъсири, гиёҳвандлик сабабли содир этилаётган мудҳиш жиноятлар, оилалар таназзули ҳақида ўқувчи-талабаларга маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, тадбирларда сўзга чиққанлар жиноятчиликни олдини олишда ёшларнинг фаоллиги, ижтимоий масъулияти ва онлайн хавфсизликни таъминлаш масалалари борасида сўз юритиб, салбий ҳолатлардан ҳимояланиш бўйича керакли тавсия ва йўриқларга тўхталди. Мулоқот якунида талабаларнинг саволларига жавоб берилиб, хавфсизлик бўйича амалий тавсиялар, фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш қоидалари тушунтирилди. “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш қаторида ёшлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзига бўлган иштиёқини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.