26 Апрел 2025 йил 910

Сайёр қабулда аҳоли мурожаатлари ечим топмоқда

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган сайёр қабуллар тизими аҳолининг муаммоларини жойида ўрганиш ва ҳал этиш, эртанги кунга ишонч хиссини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий муҳитни янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

Яшнобод ва Бектемир туманлари аҳолиси учун ташкиллаштирилган навбатдаги сайёр қабул Яшнобод туманида жойлашган “Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатиш Мономарказ" биносида бўлиб ўтди. Пойтахт ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев ва Халқ қабулхонаси томонидан ўтказилган қабулда ушбу туманларнинг мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Ўтказиладиган сайёр қабул давомида жами 34 нафар фуқароларнинг муаммолари ўрганилди. Улардан 15 таси суриштирув ва тергов ҳаракатлари юзасидан; 5 таси етказилган моддий зарарни ундириш бўйича; 2 таси ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш, хизматни ўташ ва қайта тиклаш юзасидан; 8 таси пробация ҳисобда турган шахсларни муддатидан илгари шартли озод қилиш масаласида; 3 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш бўйича; 1 таси даволаниш учун моддий ёрдам бўйича мурожаатлари қабул қилинди.

Мурожаатларнинг 9 таси жойида ижобий ҳал этилди, 5 таси бўйича малакали тушунтириш берилди, кўриб чиқиш қўшимча муддат талаб этадиган 20 та мурожаатларнинг ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, сайёр қабул давомида 3 нафар фуқарога Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортини олишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Бу каби сайёр қабуллар аҳоли ва давлат органлари ўртасида очиқ мулоқотни таъминлаш, муаммоларни кечиктирмасдан ҳал этишда муҳим қадам ҳисобланади. Ушбу тадбирлар фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини ошириш, жамиятда самарали ижтимоий шерикликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Барча янгиликлар

Text to speech