Юртимиз тобора дунё сайёҳлари учун дарвозаларини кенг очмоқда. Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, бағрикенглик ва тўкин-сочинлик, жамоат хавфсизлиги сайёҳларнинг эътиборини тортмоқда. Аслида энг кераклиси ҳам шу-да. Айниқса, бозорларимизнинг жозибаси бошқача. Мамлакатимиз билан танишишга келган франциялик нуроний икки сайёҳ Чилонзор туманида жойлашган “Чилонзор буюм бозори, “Абу саҳий” буюм бозорларига ташрифи чоғида уяли телефонини йўқотиб қўйганини сезгач, шу ҳудудда хизмат фаолиятини олиб бораётган катта сержант Мансурбек Бобожоновга мурожаат қилишди. Бу каби воқеаларнинг кўплаб гувоҳи бўлган Мансурбек аввал улар кирган барча дўкон борми, ошхона борми, юрган йўллари бўйлаб бирма-бир айланиб, суриштириб чиқди. Натижа бўлмагач, қайта-қайта йўқолган телефон рақамига қўнғироқ қилди. Бу ҳам иш бермагач, барча ижтимоий тармоқлар имкониятини ишга солиб, мазкур телефон чет эл фуқаросига тегишли эканлиги, ўзи ички ишлар органлари ходими эканлиги, ким топиб олган бўлса қайтариб беришини, йўқса, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб хабарлар жўнатди. Орадан кўп ўтмай сайёҳларни бозорга олиб келган такси ҳайдовчиси алоқага чиқди. Мансурбек ҳайдовчининг маълумотларини олиб – чунки у “Яндекс” ҳайдовчиси бўлиб, буюртма бўйича бошқа манзилга йўл олган экан – телефонни эгаларига етказиш чораларини кўрди. Орадан йигирма дақиқа ўтмай йўқотилган буюм эгаларига қайтарилди. Чунки, телефонда авиачипталар, шахсий ҳисоб рақамлари ва бошқа зарур маълумотлар жамланган, бусиз уларнинг ватанларига учиб кетиши амримаҳол эди. Шу боис уларнинг хурсандчилигини, ёш болалардек севинганини тасаввур қилиш қийинмас. Қайта-қайта миннатдорлик билдиришлари, нафақат Мансурбек Бобожоновга, балки бутун ички ишлар органлари ходимларининг хизматларига берилган нисбат десак, муболаға бўлмайди.
Чилонзор тумани ИИО ФМБ ППХ 3-отряд гуруҳ командири, катта сержант Мансурбек Бобожонов ички ишлар органларига ўз-ўзидан келиб қолмаган. Отаси Рўзимбой ака узоқ йиллар шу соҳада фаолият юритиб, нафақага чиққан ва айни дамда қарилик гаштини суриб келаётган фахрийлардан. Мансурбек Ватанимиз Қуролли Кучлари сафидан қайтгач, Тошкент шаҳар ИИББ ППХБда сафдорликдан иш бошлади. Ўз билим ва кўникмаларини ошириш зарурлигини англаган Мансурбек Республика ИИВ Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларига ўқишга кирди. Уни муваффақиятли тамомлаб, ИИББ ППХБ 4-батальони навбатчилик қисмида аввал навбатчи, кейин катта навбатчи лавозимида фаолият юритди. Устози – қисм навбатчи ёрдамчиси, сержант Жаҳонгир Холхўжаев соҳани тез, самарали ўзлаштиришда унга яқиндан ёрдам берди. Ўз вазифаларини виждонан бажариб келган Мансурбек раҳбарият томонидан кўплаб миннатдорлик хатлари, ташаккурномалар, фахрий ёрлиқлар билан рағбатлантирилган. Бугун у Чилонзор тумани ППХ 3-отряд гуруҳ командири лавозимида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда.
Маълумки, “Чилонзор буюм бозори” пойтахтимизнинг энг катта, сергавжум, серҳаракат даргоҳларидан бири. Бозор бозор-да, юқоридаги воқеалар сингари, ёш болаларни йўқотиб қўйиш, киссавурлик, ўзаро келишмовчилик, сотувчи ва харидор ўртасидаги айрим тушунмовчиликлар каби ҳодисалар рўй бериб туриши бор гап. Хизматдаги ходимларнинг вазифаси эса ана шундай воқеа-ҳодисаларнинг олдини олиш, рўй берганларини тезкор очишдан, бозорда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлашдан иборат. Бир сўз билан айтганда, мазкур даргоҳга келган ҳар бир инсон ўз юмушини эркин, хотиржам бажариб, рўзғор-тирикчилигини кўнгилсизликларсиз юритиши даркор.