Пойтахт Миробод тумани ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими инспектори, катта сержант Бахтжон Сатибалдиев доимий, вақтинча рўйхатга қўйиш, рўйхатдан ўчириш масалалари билан бўлимга келган фуқаролар билан хушмуомала. Кимгадир рўйхатдан ўчириш учун, кимгадир рўйхатга қўшиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўпламини тушунтиради. Ҳар бир мурожаатни имкон қадар сансалорчиликсиз ижобий ҳал қилишга интилади. Бахтжон ўсмирлик давридан орган ходими бўлишни ният қилган ва ҳар томонлама бунга тайёргарлик кўрганди. Ахборот-технологиялари коллежини битирган Бахтжон Республика Қуролли Кучларида йигитлик бурчини ўтаб қайтди-Ю, Ўзбекистон республикаси иив Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларига ҳужжатларини топширди. 2013 йилдан Тошкент шаҳар ИИББ ППХБ 5-батальони 3-отряд гуруҳ командирлигидан илк фаолиятини бошлади. Қўл остидаги ходимлар ишини тўғри мувофиқлаштириб, туман кўчалари, аҳоли гавжум гузарлар ва жамоат жойларида жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларини уюшқоқлик билан таъминлаб келди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларда гиёҳвандлик моддалари тарқатувчи, жиноят содир этиб қидирувда бўлган ўнлаб шахсларни аниқлаш ва ушлашда фаол иштирок этди. Ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашган жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка барҳам бериш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги хизматлари учун туман ҳокимлиги томонидан миннатдорлик билдирилгани бу хизматларининг эътирофидир. Катта сержант Бахтжон Сатибалдев 2019 йилдан бошлаб юқорида қайд этилган лавозимда сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Лавҳамиз қаҳрамони юртимиз истиқлолининг тенгдоши. Мустақиллигимиз билан бирга ўсиб улғаймоқда. Бу ҳақда ўзи шундай дейди:
– Эркин, ҳур яшаш ҳар бир инсоннинг орзуси. Ҳар бир инсон ўз юртини озод, бой ва фаровон кўришни истайди. Бунинг учун Ватанимизда ҳамма нарса муҳайё. Табиий бойликларимиздан тортиб, меҳнаткаш ва очиқкўнгил, меҳмондўст ва тинчликпарвар халқимизгача. Мен ҳам бу ишга ҳалол ва фидойи хизматларим билан ўз ҳиссамни қўшишдан бахтиёрман.