29 Апрел 2025 йил 948

Ўғри қаерда ўтириши керак?

Бу саволга машҳур “Учрашув жойини ўзгартириб бўлмайди” фильмидаги Жиноят-қидирув тезкор бригадаси бошлиғи, капитан Глеб Жеглов аниқ жавоб берган. Мана бунинг яна бир исботи. Ҳали ўттизга кирмай хавфли рецидивист мақомини олган Раҳматилла оиласининг юзини қаро қилиб, маҳаллада йиллаб, мисқоллаб йиққан обрўсини бир пул қилди. 7 маротаба ўғирлик қилиб турли жазоларга – ахлоқ тузатишдан то озодликдан маҳрум қилишгача жазоланганига қарамай, тўғри йўлни танламади. У 2024 йилнинг 30 апрель куни соат 17.30 ларда Учтепа тумани Нишабариқ маҳалласида бекорчиликдан айланиб юриб, йўл ёқасида тизилиб турган автомашиналарни кўздан кечира бошлади. Фуқаро Ф.Иззатилла ўзига тегишли “Nexia-2” автомашинасини қулфламай кетгани Раҳматиллага қўл келди. У ёқ-бу ёққа аланглади. Аста автомашинанинг орқа ўнг эшигини очиб, нархи 12.000.000 сўм бўлган “Iphone 13 pro” телефонини чўнтагига солди-да жуфтакни ростлади. Телефонлар сотуви билан шуғулланадиган дўконларга сотишга уринишлари бекор кетди, сотувчилар телефоннинг ҳужжатларини сўраб, “асабига тегишди”. Каттароқ пулга сотиш нияти амалга ошмаслигини англаган Раҳматилла, телефонни номаълум шахсга 400.000 сўмга сотиб юборди. Ўғирлик ҳақида фуқаро Ф.Иззатилладан мурожаат тушиши ҳамоноқ Учтепа тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ўғри тезда қўлга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1998 йилда туғилган, муқаддам судланган Раҳматилланинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топди. Раҳматилланинг қилмишидан пушаймонлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги ҳамда оилавий шароитларини инобатга олиб 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.
Ҳа, ўғрининг жойи – қамоқ. Зеро, жиноят жазосиз қолмайди.
Ушбу жиноят иши тафсилотлари Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Аҳмаджон Раҳматовнинг иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech