13 Сентябр 2025 йил 432

Раҳбар ва ёшлар учрашувининг навбатдагиси Мирзо Улуғбек туманида бўлиб ўтди

Юртимизда гиёҳвандлик ва кибержиноятларга қарши кескин кураш олиб борилаётган бўлсада, афсуски бу жиноятлар домига тушиб қолаётган, унинг қурбонига айланаётганлар ҳалигача бор. Бу турдаги жиноятларга қарши курашишнинг энг самарали усулларидан бири тарғиботдир. Тошкент шаҳридаги INHA Университетида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”да мана шу мавзулар муҳокама марказида бўлди.

Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Сардор Мирзараимов, ИИО ФМБ масъуллари, мутахассислар ва талабалар билан ўтказилган мазкур учрашувда бу турдаги жиноятларнинг содир этиш усуллари, улардан ҳимояланиш механизмлари, жиноят учун жавобгарлик муқаррарлиги тушунтирилди.

С.Мирзараимов ўз нутқида киберхавфсизликка риоя қилишда ҳар бир инсон молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий билимларга эга бўлиш билан бирга, ўз мулкига эҳтиёткорона муносабатда бўлгани каби онлайн пулларига ҳам жиддий қараши лозимлигини тушунтирди. Шубҳали ҳаволаларга кирмаслик, махфий кодларни, шахсий маълумотларни ҳеч кимга бермаслик каби оддий кўникмаларни оила аъзоларига ҳам етказиш лозимлигини таъкидлади.

Мутахассислар тадбир иштирокчиларига гиёҳванд моддаларнинг замонавий турлари, уларнинг соғлиқ учун хавфи, уларни тарқатишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маълумот беришди.

Тадбирда сўзга чиққан Университет биринчи проректори Т.Турсунмуратов ушбу мавзунинг замонавий дунёда долзарблиги, ёшларни маънавий-аҳлоқий тарбиялашдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга юзланиб, батафсил маълумотлар олишди.

Барча янгиликлар

Text to speech