Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Кимдир билиб, кимдир билмай, яна биров ҳаёт, вазият тақозоси ёки руҳий ҳолати бошқаси эса ўз қонунчилик асосларини билмай жиноятга қўл уради. Содир этган жиноятлари учун қонунчилик олдида жавоб бериб, озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган, енгилликлар берилган, шартли равишда жазо ўтаётганлар ички ишлар органлари пробация ҳисобига олиниб, ходимлар томонидан улар билан мунтазам равишда профилактик тадбирлар, суҳбатлар олиб борилиши йўлга қўйилган. Бундай тадбирлар давомида уларнинг ижтимоий, моддий, тиббий муаммолари ўрганилиб, тегишли мутасадди ташкилотлар, идоралар ҳамкорлигида ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Сергели тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси биносида ўтказилди. Унда туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, Тиббиёт бирлашмаси, Бандликка кўмаклашиш маркази, Пробация бўлими бошлиғи, туман ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари иштирок этишди. Тадбирда хотин-қизларнинг ижтимоий –маиший ҳолатини яхшилаш, соғлом турмуш тарзига йўналтириш, бандлигини таъминлаш, психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини оширишга доир масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, саломатлиги бўйича тиббий ёрдамга муҳтож 8 нафар аёлга бепул даволаниш учун йўлланма ажратилди. Уй-жойга муҳтожлиги бўлган 6 нафарига субсидия ажратиш масаласи назоратга олинди. Шунингдек, алимент тўлаш, оталикни белгилаш, уй-жойга киритиб қўйиш ва бошқа ижтимоий-маиший масалалар билан боғлиқ 8 нафар аёлларнинг мурожаатлари бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар ва тавсиялар берилди. Пробация ҳисобидаги хотин-қизларимизни соғлом турмуш тарзига қайтариш, жамиятимизнинг фаол фуқароларига айланиши учун кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишларнинг амалга оширилиши юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон манфаатларини ҳар нарсадан устун эканлигидан далолат беради.