18 Декабр 2023 йил 564

Президент раислигида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизматларни ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

Президент раислигида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизматларни ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Жаҳонда рўй бераётган ўзгаришлар ҳисобига иқтисодиёт учун зарур бўлган хом ашё ва маҳсулотлар нархи, уларни етказиб бериш харажатлари беқарорлиги таъкидланди. 

Маҳсулотларимиз нарх жиҳатдан рақобатбардош бўлишини истасак, энг аввало, ўзимиздаги хом ашёни чуқур қайта ишлаб, тайёр сифатли маҳсулотларни кўпайтиришимиз шарт ва зарур, деди давлатимиз раҳбари.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20492 


Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ҳозирги тизимини қайта кўриб чиқиб, ҳудудларда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспорт масалаларини Савдо-саноат палатасига ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

Бу орқали лойиҳа қилиш ва экспорт тизими давлатдан тадбиркорлар ўзини-ўзи бошқарадиган ташкилотга ўтказилади. Бу тадбиркорларнинг талаб ва истакларига қулоқ солиш, улар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, муаммоларини ҳал қилиш мақсадида қилинмоқда.

Шунингдек, Инвестиция вазирлигининг вилоят ва туман бўлимлари тугатилади. Ҳудудларда ушбу вазифалар билан Савдо-саноат палатасининг лойиҳа қиладиган ва экспортга кўмаклашадиган мутахассислари шуғулланади.

Экспорт агентлиги ва жамғармаси, “Ўзбекэкспертиза” ташкилоти ҳам Савдо-саноат палатаси тизимига ўтади.

Ишлаб чиқариш, экспорт ва брендларга бериладиган грант, субсидия ва бошқа имтиёзлар палата орқали эгасига очиқ-ошкора ва шаффоф бериладиган тизим жорий қилинади.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20493 


Бугунги кунда трикотаж кийим ва мато, газлама, кабель, маиший техника, мевалар, узум, дуккакли экинлар, қайта ишланган мева-сабзавот каби энг кўп экспорт бўладиган 10 турдаги маҳсулотни ташқи бозорларга олиб киришда кўплаб тўсиқлар борлиги қайд этилди.

Тармоқлар ҳар доимги экспорт бозорлари билан чекланиб қолаяпти, янги бозорларга кириб боришга уларда тоқат етишмаётгани кўрсатиб ўтилди

Мутасаддиларга экспортбоп 10 турдаги тайёр маҳсулотнинг ҳар бирига 10 тадан янги истиқболли бозорни белгилаб, бозорларда маҳсулотларга техник ва сифат талабларини ўрганиб, ўзимизни корхоналарга уларни ўргатиш, лабораториясига ёрдам бериш топширилди.

Хориждаги ҳамкасблар билан музокара ўтказиб,  сертификат, бож ва йиғимларни юмшатиш бўйича чоралар кўриш вазифаси қўйилди. 


Манба: https://t.me/c/1432471980/20494 


Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш ва экспортни ошириш бўйича янги имкониятларни кўрсатиб ўтди.

Тўқимачилик саноатида кийим-кечак, уй текстили, меҳмонхона учун сочиқ, чойшаб, ёстиқ, матрас, парда каби ўзимизда ишлаб чиқарса бўладиган товарлар асосан четдан олиб келинаётгани қайд этилди.

Шу боис аралаш тола ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш кераклиги таъкидланди. 

Бунинг учун биринчи босқичда 125 минг тонна сунъий толадан ип-калава ишлаб чиқариш бўйича 15 та лойиҳа ишга туширилиши белгиланди. Шунингдек, Андижон шаҳрида 15 миллион долларлик, Самарқанд шаҳрида 20 миллион долларлик лойиҳа ҳисобига сунъий толадан парда ва мебель матолари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Келгуси йилда тўқимачиликда яна камида 700 миллион доллар қўшилган қиймат яратиш, трикотаж бўёқхоналар қувватини 40 фоизга, газлама матода – 30 фоизга олиб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи тўқимачилик корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим жорий қилиш топширилди. Юқори қиймат берадиган янги лойиҳаларга 200 миллион доллар ресурс сифатида ажратилиши белгиланди.

Бу маблағлар йирик тозалаш иншоотлари қуриб бериладиган ҳудудда бўёқхоналар ташкил қилиш лойиҳаларига берилади. Уларга сувни тозалаш иншоотлари харажатлари давлат ҳисобидан қопланади. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20495 


Президентимиз маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқишга алоҳида тўхталди.

Машҳур брендлар ўзи ишлаб чиқариш қилмай, балки аниқ талабларни белгилаб, буюртмаларини бунга жавоб берадиган ишлаб чиқарувчиларга жойлаштиради. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган”  ёрлиғи бор маҳсулотларимиз ташқи бозорларда брендга айланмагани учун арзон сотилмоқда.

Энди маҳсулотларни фақат ўзимиздан чиқиб кетгунича эмас, балки уларни ташқи бозорларда бренд сифатида танитиш учун шароит яратиб бериш зарурлиги таъкидланди.

Савдо саноат палатаси мато, уй текстили, ички кийимлар, гилам, пойабзал, чарм аксессуарлар, қуритилган ва консерваланган мева-сабзавот, қандолат,  лак-бўёқ, мармар, чинни, кафель, идиш ва сантехникалар бўйича машҳур брендлар буюртмаларини жойлаштирувчи 30 та “сорсинг” компанияси билан келишувга эришиб, маҳаллий корхоналаримиз билан боғлаши зарурлиги айтилди.

Шунингдек, келгуси йилда Ханой (Вьетнам), Лоц (Польша), Иваново (Россия), Прата (Италия) шаҳарларида тўқимачилик савдо уйларини очишга топшириқ берилди. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20496 


Йиғилишда мамлакатимизда машҳур брендлар остида маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Мисол учун, келгуси йил октябрда Чирчиқда қиймати 50 миллион долларлик йилига 2,5 миллион дона бўлган алюмин қадоқлаш корхонаси ишга тушади.

Бу нафақат салқин ичимликлар, балки косметика, маиший кимё, озиқ-овқат йўналишидаги брендлар учун тайёр хом ашё базаси.

Шу муносабат билан ўнлаб нуфузли брендлар билан ишлаб, уларни Ўзбекистонга олиб келиш чораларини кўриш топширилди.

Умуман, брендларни жалб қилиш бўйича янгича ёндашувларни жорий қилинади:

- нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга халқаро стандартлар, экология ва сертификатлаш харажатлари қоплаб берилади;

- машҳур брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун, маҳаллийлаштиришни камида 60 фоизга етказиш шарти билан улар учун зарур бўлган барча хом ашёлар божхона тўловларидан озод қилинади;

- маҳсулотини камида 30 фоизини бренд остида ишлаб чиқарадиган маҳаллий тадбиркорларга хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар учун назарда тутилган имтиёз ва енгилликлар берилади;

- йирик брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистонда ишлаганлик учун тўловлар ундирилмайди.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20497  


Кимё саноатида талаб юқори бўлган маҳсулотлар учун зарур базавий хом ашёнинг деярли барчаси мамлакатимизда мавжудлиги, ушбу имкониятларни самарали ишга солиш зарурлиги қайд этилди.

Умуман, кимё соҳасида 3 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилгани маълум қилинди.

Давлатимиз раҳбари электротехника саноатида мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш масалаларига тўхталди. 

Келгуси йилда тармоқда 2 миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириш учун имконият ҳам, маҳсулотлар учун катта бозор ҳам борлиги таъкидланди.

Масалан, Саудия Арабистонининг “Аква Пауэр” компанияси билан 5 гигаваттли қуёш ва шамол станцияларини қуриш бўйича бошланган лойиҳалар учун кабель керак бўлади. Умуман, ҳозирда бошланган 27 гигаватт қувватли қуёш ва шамол станциялари лойиҳалари доирасида 500 миллион долларлик кабелга эҳтиёж бор.

Шу муносабат билан келгусида Оҳангарон саноат зонасида 120 миллион долларлик 5 та лойиҳани ишга тушириб, 25 минг тонна мисдан кабель ва 1,5 мингта трансформатор ишлаб чиқариш, Бухоро шаҳрида 120 миллион долларлик технопаркни ишга тушириб, 25 миллион долларлик маиший техникаларни маҳаллийлаштириш режалаштирилгани айтилди.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20498  


Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала хизмат кўрсатиш ва туризм имкониятларини янада кенгайтириш бўлди.

Давлатимиз раҳбари бу йил иқтисодиётда хизматлар улуши 43,5 фоизга етиши кутилаётгани, лекин бу етарли эмаслигини таъкидлади.

Ўтган 11 ойда 421 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилган. Бу ўтган йилга нисбатан 13,6 фоиз кўп, холос.

Айниқса, Гулистон, Нурафшон, Янгиер, Янгийўл, Термиз, Хонобод, Нукус, Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳарларида ўсиш 10 фоиздан кам, Пешку, Учкўприк, Асака ва Пискент туманларида 4 фоиз ҳам бўлмади.

Соҳалар кесимида таҳлил қилганда, бугунги кунда молия, транспорт, савдо, туризм, таълим, тиббиёт ва “Ай-Ти” жами хизматлар ҳажмининг 85 фоизини бераяпти.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20499 


Жорий йилда молиявий хизматлар ҳажми 20 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Яқинда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Бизнесни ривожлантириш банки ҳамда ўрта бизнес учун Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ташкил қилинди.

Шунингдек, илк бор базавий банк хизматларини кўрсатувчи микромолия банклари ишга тушади. Уларга аҳолидан депозит қабул қилиш, тўловлар ўтказиш, хорижий валютада қарз маблағлари жалб қилишга рухсат берилмоқда.

Шуларни ҳисобга олиб, келгуси йилда молиявий хизматларда 30 фоиз ўсиш қилиб, унинг ҳажмини 140 триллион сўмга етказиш муҳимлиги таъкидланди.

Келгуси йилда халқаро капитал бозорларида 500 миллион долларлик “евробонд” жойлаштиришга кўрсатма берилди. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20500  


“Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида ўз микро-бизнесини йўлга қўйган ва ижобий кредит тарихига эга аҳолига 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар бериш йўлга қўйилади.

Ҳозирда 2 миллион 400 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилувчи сифатида рўйхатдан ўтган.

Йиғилишда уларга бизнесга биринчи қадам учун кредит бериш таклифи билдирилди.

Бунда, йиллик 340 минг сўм ижтимоий солиқ тўлаган аҳолига имтиёзли кредит ажратилиб, “онлайн” усулда банк картасига ўтказилади.

Бундан ташқари, фаолиятини кенгайтириб, тадбиркор бўлиш истагидаги аҳолига 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади, 50 фоизи банк картасига ўтказиб берилади.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20501  


Транспорт хизматларининг ярми автотранспортга тўғри келади. Бу йил 1,5 мингга яқин автобус олиб келинган бўлса-да, ўсиш 5,5 фоиздан ошмаган.

Транспорт вазирлигига яна камида 1 минг 200 та автобус сотиб олиб, йўналишларга чиқариш топширилди. Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга автобус қатновлари 2 баробар оширилади.

Авиахизматлар бозорида ҳам рақобат пайдо бўлди, 6 та хусусий компания иш бошлади. Йил бошидан 25 та янги самолёт олиб келинди, 17 та йўналиш очилди.

Шунга қарамасдан, соҳадаги хизматлар ҳажми 7,7 фоиз ўсган, холос. Транспорт вазирлиги олдига келгуси йилда авиаташувлар ҳажмини 20 фоизга ошириш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун Тошкент шаҳрини вилоят марказлари билан боғловчи ҳар куни камида 2 тадан рейс қўйилади, вилоят марказларини ўзаро боғловчи ҳафтасига камида 1 тадан рейс амалга оширилади, камида 7 та самолёт олиб келиниб, яна 3 та халқаро йўналиш очилади. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20502    

 

Темир йўл бўйича ҳам тарифлар қайта кўриб чиқилди, кераксиз имтиёзлар бекор қилинди. Шунингдек, 6 та тезюрар ҳамда шаҳарлараро қатнайдиган 30 та электр поезд олиб келинмоқда.

Бу соҳада келгуси йилда камида 20 фоиз ўсишни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Яна бир масала – халқаро ташувларда маҳаллий транспорт-экспедитор корхоналар улуши кам. 

Маҳаллий экспедиторларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг хизматидан фойдаланилганда, импорт товарларига божхона божи ҳисоблашда транспорт харажатини чегириш, халқаро ташишларда маҳаллий экспедиторлар хизматига қўшилган қиймат солиғидан имтиёз бериш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20503  


Яна бир тез ўсиб бораётган соҳа бу – хусусий таълим ва тиббиёт хизматлари.

Бу соҳалар имкониятини тўлиқ ишга солиш учун тадбиркорларга аҳолига яқин, комплекс хизматлар кўрсатиш имкони бор жойлардан ер бериш мумкинлиги таъкидланди.

Шу боис мутасаддиларга бўш ерларни аниқлаб, хусусий тиббиёт ва таълим ташкилотларини ташкил этиш учун фақат ихтисослиги бўйича аукционга чиқариш топширилди.

Йиғилишда IT хизматларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 3-3,5 фоизга тенг экани, бу борадаги имкониятлар ҳали тўлиқ ишга солинмагани кўрсатиб ўтилди.

Келгуси йилда тармоқда камида 30 фоиз ўсишни таъминлаб, хизматлар ҳажмини 41 триллион сўмга етказиш, экспортни 2 карра ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20504  


Мамлакатимизга сайёҳлар оқимини янада ошириш учун меҳмонхона ва меҳмон уйларини кўпайтириш лозимлиги таъкидланди.

Бу борада Паркентдаги Кумушкон, Ҳисарак, Сўқоқ, Бошқизилсой, Чанги, Заркент, Бойқозон маҳаллаларида туризм маскани ташкил этилади.

Хонобод шаҳри, Бойсун, Бахмал, Фориш, Ангрен ва Оҳангаронда ҳам туризм масканлари мастер режасини тайёрлаш топширилди.

Омонхона, Майданак каби туристик объектлар инфратузилмасини яхшилашга 30 миллион доллар йўналтириш, туризм объектларига олиб борувчи йўллар инфратузилмасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратиш қарор қилинди.

Йўлларни таъмирлаш билан бирга, улар атрофида комплекс хизматларни ривожлантиришда янгича ёндашув бўлади.

Туризм объектига олиб борадиган қайси йўл таъмирланаётган бўлса, ўша йўл бўйида савдо ва сервис шохобчаларини жойлаштириш бўйича мастер режалари ишлаб чиқилади ва тадбиркорларга берилади, аҳоли ва туристлар учун қулай маршрутлар ишлаб чиқилиб, жамоат транспорти йўлга қўйилади, хостел ва меҳмон уйлари ташкил қилинади.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20505 


Хориж тажрибасида туристларни жалб қилиш учун тилла буюмлар савдоси кенг йўлга қўйилган.

Мамлакатимизда бунинг учун етарли шароит яратилган бўлса ҳам, ўтган икки йилда жуда кам тилла буюмлар сотилгани қайд этилди.

Шу боис келгуси йилда замонавий заргарлик комплексларини ҳар бир ҳудудда ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди. Улардаги дўкон ва расталар, заргарлик ускуналари 7 йилга бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилади.

Шунингдек, мамлакатимизда халқаро “Ўзбекистон ипак матолари” мода ҳафталигини ташкил қилиш таклифи билдирилди. Унга дунёнинг етакчи мода уйлари таклиф қилинади. Тайёр ипак маҳсулотлари танлови ўтказилади ва мукофот жамғармасига ҳар йили 2 миллион доллар ажратилади.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20506  


Йиғилишда бозорларимизнинг сотувчи ва харидорлар, туристлар учун қулайлигини ошириш лозимлиги қайд этилди. 

Бозорларда сайёҳлар узоқ ушланиб қолмаётгани, айрим бозорлардаги кириб-чиқишдаги ноқулайликлар, тирбандлик аҳоли ва сайёҳлар эътирозига сабаб бўлаётгани таъкидланди. 

Шу муносабат билан бозорларимизни туристлар кунлаб вақтини ўтказиши мумкин бўлган мажмуаларга, мамлакатимизнинг "ташриф қоғози"га айлантириш муҳимлиги таъкидланди. 

Миллий маданиятимизни акс эттирган янги замонавий бозор комплекслари лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилиш давомида тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20507   

Барча янгиликлар

Text to speech