Пойтахт ИИББ ёш ходимлари ўртасида “Киберспорт” тури бўйича мусобақа ўтказилди
Президентимизнинг “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг иқтидорли ёш ходимларини аниқлаш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш орқали ходимларнинг ижодий, касбий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда ўз касбининг етук мутахассиси бўлишга, шунингдек замонавий билимларни эгаллашга бўлган иштиёқларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, жорий йилнинг 15 февраль куни “Киберспорт”нинг “Counter strike 2” тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Беллашувларда ҳар бири 5 нафар ходимдан ташкил топган 41 та жамоа иштирок этиб, ғолиблик ҳамда республика турнирига йўлланмани қўлга киритиш учун қизғин ва муросасиз кураш олиб боришди. Турнир якунига кўра 1-ўрин Яшнобод тумани ИИО ФМБ жамоасига насиб этиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. 2-ўринни Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик батальони жамоаси, 3-ўринни Миробод тумани ИИО ФМБ жамоаси эгаллади. Ғолиблар Бош бошқарманинг тегишли диплом ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.
Мазкур мусобақа ёшларни ўз билимларини чуқурлаштириш, замон билан ҳамнафас қадам ташлаш ҳамда ўз билим ва истеъдодларини намоён этишларига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Буни жамоа аъзоларининг катта ғайрат ва шижоат билан баҳсларда иштирок этганидан англаш қийинмас.