5 Январ 2026 йил 199

Пойтахт ИИББда Янги йилнинг илк Маънавият ва маърифат дарси ўтказилди

Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби иштирокида ўтказилган навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси “Ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш – давр талаби” мавзусига бағишланди. Ўзбекистон нодавлат таълим муассасалари ассоциацияси раиси, фалсафа доктори Нуриймон Абдулхасан йиғилганларга мавзунинг мазмун-моҳиятини кенг ёритиб берди. Маърузачи ёш авлод тарбиясига бўлган эътибор барча даврларда муҳимлиги ва долзарблигини йўқотмагани, бугунги глобаллашув, ахборот технологияларининг жадал ривожланиши жараёнларида эса бу ҳаёт-мамот масаласига айланиб бораётганини таъкидлади. Таълим олиш, касб танлаш – инсон ҳаётидаги муҳим танловлардан бири эканлиги, мустақил ҳаётга қадам қўйиш арафасида турган ёшларни келажакда ким бўлиш, қайси касбни танлаш масалаларига, хусусан инсон капиталини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлигига урғу берилди. Шунингдек, юртимизда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 2000 йилга нисбатан 50 фоизга ошиб, 20 миллион кишидан ортиқни ташкил этаётгани,ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишлари ҳамда касб-ҳунарга йўналтириш долзарб вазифа эканлиги, шу ўринда давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг замонавий технология ва хорижий тилларни билиши, касбий кўникма ва малакага эга бўлиши зарурлигини таъкидлагани, уларга яратилаётган шарт-шароитлар ва имтиёзларни мисол келтириб ўтди.

Йиғилганлар маърузани катта иштиёқ ва эътибор билан тингладилар. Тадбир якунида хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб, юқори кўрсаткичларга эришиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларга навбатдаги унвонлар топширилди. Унвонларга сазовор бўлган ходимлар бурчи ва хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариш, бурчларига содиқлигини яна бир карра таъкидладилар.

Барча янгиликлар

Text to speech