Пойтахтимиз ҳудудида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш орқали олдини олиш борасида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи доирасида ИИББ ва ҳудудий тизимлари томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ойлик тадбирлари доирасида ўтказилган “Тиғ” махсус профилактик тадбирларининг 21 кунлик сарҳисоби бу борадаги ишларнинг натижакорлигидан дарак бераётир. Хусусан, пойтахт кўчалари ва жамоат жойларида ўткир тиғли ашёларни ноқонуний равишда олиб юрган 1631 нафар шахс аниқланди. Улардан 1715 дона ашёлар ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди. Аниқланган ашёлардан 1614 таси пичоқ, 17 таси кастет, 19 таси бита, 7 таси пневматик қурол, 2 таси электрошокер бўлса, қолган 56 таси турли кўринишдаги тиғли жисмларни ташкил этди. Фуқаролардан аниқланиб, тегишли тартибда олиб қўйилган ашёларнинг турларидан кўриниб турибдики, кўплаб содир бўлиши эҳтимоли бўлган жиноятлар, ҳуқуқбузарликларнинг олди олингани шубҳасиз.
Шу ўринда фуқароларимизга эслатиб ўтамиз: қонунга хилоф равишда совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни олиб юриш базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 дан 5 бараваригача жарима солинишига, шунингдек, бошқа қонуний таъсир чоралари қўлланишига сабаб бўлиши мумкин. Тезкор профилактик тадбирлар Тошкент шаҳри бўйлаб давом эттирилмоқда.