Пойтахтимиз ҳудудларида ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш орқали жиноятчиликка барҳам бериш борасида олиб борилаётган ишлари қаторида ҳафтанинг ҳар пайшанба кунида ўтказиб келинаётган кенг қамровли профилактик тадбирларнинг ҳам ўз ўрни ва самарадорлиги бор. “Пайшанба – профилактика куни” мазкур тадбирга жалб қилинган ходимлар ва масъуллар билан тонгги йўриқнома ўтказиш билан бошланиб, унда асосий эътибор ва куч-воситалар кун давомида амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг самарали ижросини таъминлашга қаратилмоқда. Хусусан, Президентимиз томонидан қабул қилинган аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик иллатларидан асраш, пойтахт ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-йиллиги муносабати билан авф этилган шахслар билан якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказиш, улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, жамиятга мослашуви, бандлигини таъминлаш каби муҳим масалаларга ҳам кенг ўрин берилган. Мазкур фармонларнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганган ҳолда кенг аҳоли қатламларига етказиш, ҳамда ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳлари соҳа вакиллари ҳамкорлигида пойтахт ҳавосини мўътадиллаштириш, атмосферани ифлослантираётган айрим корхона ва ташкилотлар, иссиқхоналар фаолиятига чек қўйиш каби муҳим вазифаларни амалга оширмоқда. Жойларда раҳбарлар томонидан Президентимиз фармонига кўра авф этилганлар, туманлар ИИО ФМБ Пробация ҳамда профилактик рўйхатида турувчи маҳкумларнинг хонадонларидаги шарт-шароитлари ўрганилиб, уларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, жамиятга мослаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Пробация бўлимлари ҳамда профилактик ҳисобда турувчи шахслар иштирокида учрашувлар ўтказилиб, уларнинг муаммоларини қонуний ҳал қилиш, қайта жиноятлар содир этилишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Ҳудудларда ташкил этилган сайёр судлар томонидан Пробация бўлими ходимларининг тақдимномаларига асосан, тузалиш йўлига кирган, намунали хулқи ва ҳалол, соғлом турмуш тарзини танлаган маҳкумларни муддатидан илгари жазодан озод қилиш чоралари кўрилди. Белгиланган тартиб-қоидаларни бузган маҳкумларга эса судлар томонидан жазо турлари оғирроғига ўзгартирилди. Ойлик доирасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилиши, истеъмолига қарши кураш, айниқса ёшларимизни бу иллатдан асраш борасида қатор тарғибот, тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари амалга оширилди.
Маҳаллалар, идора ва ташкилотлар, ўқув даргоҳларида туманлар ИИО ФМБ, соҳа вакиллари томонидан ўтказилаётган очиқ мулоқот, учрашув ва давра суҳбатларида гиёҳвандликнинг мудҳиш оқибатлари далилий, ҳаётий мисоллар, видеороликлар ёрдамида кенг аудиторияга тақдим этилмоқда. Ёшларга бу иллатга қарши курашиш, ундан ҳимояланиш борасида зарурий тавсиялар берилмоқда. Айниқса, кибермаконда жиноятга етакловчи ҳавола ва платформалардан ҳимояланишга катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, туманлар ИИО ФМБ раҳбарлари томонидан маҳалла масъуллари иштирокида низоли оилалардаги муносабатлар, фойдали меҳнат билан банд бўлмаган ёшларнинг муаммолари ўрганилди ва ҳал этиш чоралари кўрилди. Жойларда содир этилган оилавий зўравонлик, кибержиноятлар, қонунбузилиш ҳолатлари жамоатчилик вакиллари, “маҳалла еттилиги” ва фаоллари иштирокида муҳокама этилиб, таъсирчан чоралар кўрилди. Пойтахт ҳудудидаги таълим муассасаларида ўтказилган тарғиботларда асосий эътибор ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, саводхонлигини ошириш, йиғилганларга қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг, профилактик тадбирларнинг аҳамияти, маҳаллаларда, пойтахтимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги муҳим ўрни таъкидланмоқда ҳамда фаол иштирок этишга чақирилмоқда.