13 Январ 2026 йил 1398

Ўз ўрнида ва ишончли ўтказилган суҳбатлар – самарасиз кетмайди

Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИО ФМБ да сафдорликдан хизматни бошлаган Миразиз Уразбаев устози – кадрлар бўлими бошлиғи, подполковник Маҳмуд Велиевни ҳурмат билан тилга олади. Ҳолбуки, Қуролли Кучлар сафларидан йигитлик бурчини ўтаб қайтган ёш йигит ички ишлар органлари хизматини ўзича жўн ва осон тасаввур қиларди. Ички ишлар органларининг ҳар бир ходими, соҳасидан қатъий назар касб маҳорати, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги қаторида ҳуқуқий, маънавий-маърифий билимлари, дунёқараши, маданиятини мунтазам равишда ошириб бориши лозимлигини ўша вақтларда англамаганди. Буларнинг ҳаммасини: ўрганганларидан қониқиб, тўхтаб қолмаслик, ҳамиша ўсиш ва изланишда бўлиш кабиларга устози ўргатди. Ҳали-ҳануз нафақат хизмат балки ҳаёт йўлини тўғри танлашда берган маслаҳат ва йўл-йўриқлари, оталарча ҳамхўрлиги учун устозидан чуқур миннатдорлигини яширмайди. Зотан, устозининг маслаҳат ва насиҳатларига амал қилиб, ўзига яраша қийинчиликларга қарамай олийгоҳда ўқишни давом эттириб, олий маълумотли бўлганлиги, хизмат поғоналаридан зинама-зина кўтарилаётгани – буларнинг ҳаммасига устозининг доно маслаҳатлари ортидан эришаётганини таъкидлайди. Шунингдек, пойтахт ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси инспектори, подполковник Илҳом Яхшиевни ҳам ўзига устоз деб билади.

Миразиз ҳамиша билимли ва ўз соҳасининг билимдони бўлганларга ҳавас билан қараб келган. Шу боис ўзи ҳақида гапиришдан кўра хизмат сир-асрорларини мукаммал ўзлаштирган, чуқур билимли ходимлар ҳақида гапиришни афзал билади. Яшнобод тумани ИИО ФМБ Пробация бўлими бошлиғи, подполковник Эрпўлат Мулдадашев, Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ Пробация бўлими бошлиғи, майор Шерзод Қурбоновларни ўз соҳасининг малакали мутахассислари сифатида тилга олади. Бош бошқарма Пробация бошқармаси катта инспектори, лейтенант Миразиз Уразбаев жиноий қилмишлари учун суд томонидан жазога тортилган, жазо муддатларини ўтаб келаётганларни тўғри ҳаёт йўлини танлаши, жамиятга мослашуви, такрорий жиноятларга қўл урмаслиги борасидаги ишлар назоратини ташкил этиш, ҳалол меҳнатга рағбати бўлган фуқаролар учун енгилликлар берилиши ишларига катта масъулият билан ёндашади. Бу ишда хато ва камчиликларга йўл қўймаслик учун тажрибали ходимлардан сўраб ўрганишни канда қилмайди. Пробация ҳисобида турувчи шахсларни нормал ҳаётга қайтариш борасида профилактик, якка тартибдаги тушунтириш ишларини олиб бориш катта аҳамият касб этишига ишонади. Фақат бу суҳбатлар ўзаро ишонч, самимийлик ҳамда ўз ўрнида бўлиши лозим, деб таъкидлайди бугунги қаҳрамонимиз.

Барча янгиликлар

Text to speech