2 Август 2025 йил 401

Ойлик: инсон қадрига эътибор

Республикамиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор ижроси самарали амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 15 июлидан 15 августига қадар ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ойлигининг иккинчи босқичи бу борадаги ишларнинг узвий давомидир. Ойлик доирасида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлар қаторида билиб-билмай жиноятга қўл уриб, хатосини тўлиқ англаб етган, тузалиш йўлига кирган шахсларга имконият бериш, оилалари бағрига қайтариш каби инсоний муносабатлар ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Ана шу мақсадда Юнусобод туманидаги “Анорзор” маҳалла фуқаролар йиғини биносида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда Юнусобод тумани ИИО ФМБ Пробация бўлими ҳисобида турувчи, тузалиш йўлига ўтган етти нафар маҳкумларни жазодан озод қилиш ҳамда жазосини енгилроқ жазо турига ўзгартириш ҳамда улар билан кенг қамровли профилактик-тушунтириш ишлари олиб бориш масалалари кўриб чиқилди. Бу жараёнга туман ИИО ФМБ Пробация бўлимининг мазкур шахсларнинг жазо муддатларини ўташ даврида ўзларининг ижобий томонларини намоён этганликлари, тузалиш йўлига кирганликлари бўйича киритилган тақдимномаси асос бўлди. Сайёр суд жараёнида ўтказилган суҳбат натижасида улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ўталмаган жазо муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндилар. Шунингдек, бўлим ходимлари томонидан шартли озод этилган фуқаролар билан профилактик-тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда уларга берилган имкониятдан тўғри фойдаланишлари, ишончни суиистеъмол қилмасликлари, жамиятга, оилага наф келтирувчи фойдали меҳнат билан шуғулланиш ва бу борада мутасадди ва масъуллар томонидан кўмак берилиши таъкидланди. Бу каби инсонпарварлик ҳамда олижаноблик тамойилларининг намойиши юртимизда инсон қадри, эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқларининг ҳамма нарсадан устун эканлигидан далолатдир.

Барча янгиликлар

Text to speech