Ойлик доирасида: киберхавфсизлик бўйича семинар, суҳбатлар
Кейинги вақтларда интернет тармоқларида кибержиноятларнинг турли кўринишлари пайдо бўлаётгани, ундан фуқароларимиз азият чекиб қолаётгани ҳақида хабарлар тезда тарқалиб, аксарият кишиларни ўйлантириб қўймоқда. Нафақат аксарият фуқароларимиз, балки айрим идора-ташкилот хизматчилари ҳам кибермакондаги ҳужумларга қарши иммунитетнинг йўқлиги, шахсий маълумотларни, маблағларини асраш, ижтимоий тармоқлардаги таҳдидлардан ҳимояланишни билмаслиги, берилаётган маълумотларга кўр-кўрона ишониш орқали нопок кимсалар тўрига илиниб қолишмоқда. Аҳоли ўртасида ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш, фуқароларнинг ҳимоя иммунитетини шакллантириш борасида тегишли хизматлар томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 2 сентябрида бошланган “Хавфсиз кибермакон” тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги ана шу мақсадларда амалга оширилмоқда. Кибермаконда ўзгаларнинг маблағларини ўзлаштиришга қаратилган уринишларнинг олдини олиш, интернет тармоқлари орқали банк фаолиятига таҳдид солувчи ҳаволаларга қарши курашиш, огоҳликни кучайтириш мавзусига бағишланган семинар-тренингнинг навбатдагиси “Микрокредитбанк” АТБ ишчи хизматчилари учун ташкил этилди. Республика Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси масъуллари банк хизматчиларига кибермаконда содир этилаётган фирибгарлик ва кибержиноятларнинг янги кўринишлари ҳақида огоҳлантириш, онлайн фирибгарликлардан мижозларни ҳимоя қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш билан бирга шахсий маълумотларни ҳимоялаш ва кибергигиена қоидаларини қўллаш бўйича амалий тавсиялар бердилар. Бу каби профилактик тадбир Миробод тумани ИИО ФМБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш бўлими ходимлари ҳамкорлигида Камолиддин Беҳзод номидаги рассомлик ва дизайн институтида ҳам бўлиб ўтди. Билим даргоҳи маъмурияти ҳамда талабаларидан иборат катта аудиторияда нафақат кибермакондаги фирибгарлик, шахсий маълумотлардан фойдаланиб товламачилик жиноятлари, балки катта пул эвазига гиёҳвандлик воситаларини тарқатишга бўлаётган даъватлар ҳақида, гиёҳвандлик моддаларининг инсон саломатлигига, оила, жамият ривожи таназзулига етаклаши ҳақида ҳаётий мисоллар ёрдамида сўз юритилди. Давра суҳбатлари давомида иштирокчиларга ахборот воситалари орқали тарқатилаётган ёлғон хабарлар, фейк аккаунтлар орқали амалга ошириладиган фирибгарлик ҳолатлари ва шахсий маълумотларни ҳимоялаш бўйича амалий тавсиялар етказилди. Ушбу профилактик тадбир институтда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли ва ёшларнинг ҳуқуқий онгини оширишга хизмат қилувчи муҳим қадамлардан биридир.
Олмазор туманида жойлашган Турин политехника университетида ўтказилган очиқ мулоқот шаклидаги давра учрашуви ҳам ойлик доирасидаги тадбирнинг узвий давоми бўлди. Олийгоҳ талабалари олдида туман ИИО ФМБ бошлиғи Маҳкам Вафоев маъруза қилди. У ўз маърузасида олий таълим муассасаларида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир этувчи дори препаратлари тарқалишининг олдини олиш, гиёҳвандликнинг оғир оқибатлари ҳақида маълумотлар бериб, талабаларни соғлом турмуш тарзини танлашга, ўз келажакларини барбод қилмасликка чақирди. Шунингдек, учрашувда бугунги кунда долзарб бўлган кибержиноятларга қарши кураш масалалари ҳам муҳокама этилди. Тадбир якунида талабаларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар берилди. Мазкур тарғибот тадбирлари фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, салбий иллатлардан огоҳ этиш, турли ёлғон ва асоссиз маълумотлардан ҳимоялаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, маънавият ва маърифатини оширишда муҳим аҳамият касб этиши муқаррар.