25 Июн 2025 йил 359

Ойлик бошланди, навбат натижаларга

Ўзбекистон республикаси ИИВ ва Бош прокуратураси томонидан эълон қилинган “Ижтимоий профилактика ойлиги” доирасида пойтахтимиздаги мавжуд барча маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шаҳримизнинг Миробод туманида ҳам. Мазкур ойликда белгиланган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, кенг жамоатчиликни жалб қилиш мақсадида, туман ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Отабек Хаджаев ҳудуддаги жами 39 та маҳаллаларда фаолият юритаётган маҳалла еттилиги билан учрашиб, тадбирнинг мазмун-моҳиятини етказди. Шундан келиб чиқиб, манзилли ишлаш учун ижтимоий профилактика объектлари, жиноятдан жабрланиш эҳтимоли юқори ҳисобланган шахслар ажратиб олинди. Бу тоифага кирувчи шахслар билан учрашилиб, тушунтиришлар, огоҳлантиришлар, тавсиялар берилиши билан бирга, таҳликали, кўнгилсиз вазиятларда нималар қилиши зарур бўлган йўл-йўриқлар ҳақидаги буклет ва флаерлар тарқатилди. Ойлик тадбирлари давом эттирилиб, ҳудудда жойлашган таълим муассасалари ва ташкилотларда профилактик-тушунтириш ҳамда давра суҳбатлари ташкиллаштирилди.
Туман ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича профилактика катта инспекторлари маҳалла раислари ва маҳалла хотин-қизлар фаоллари, диний идоралар масъулларини, мутасаддиларни жалб қилган ҳолда, ҳамкорликда ижтимоий профилактика объектларининг, шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлганлар, профилактик ҳисобда турган шахсларнинг бевосита яшаш манзилларига ташриф буюришиб, уларнинг оилавий шароитларини ўргандилар, тегишли профилактик суҳбатлар ўтказилди. Ўрганишлар натижасида ижтимоий-моддий кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёрдам кўрсатиш бўйича манзилли чоралар белгилаб олинди. Туман “Қўриқлаш” бўлими ходимлари билан ҳамкорликда жанжалкаш оилалар ҳамда жиноят қурбонига айланиш эҳтимоли юқори бўлган ижтимоий профилактика объектларига ташвиш тугмалари ўрнатилиб, қўриқловга олинди.
Маълумки, ҳозир ёз, болаларнинг таътил вақти. Ота-оналар ишда, хизматда, рўзғор ташвишлари билан овора. Айрим болалар бу вақтда катталарнинг назоратисиз қолиб кетиши эҳтимоли йўқ эмас. Тадбир давомида бундай ҳолатларга ҳам катта эътибор берилиши натижасида кўча ва жамоат жойларида она-онаси назоратисиз юрган вояга етмаганлар аниқланиб, ўрнатилган тартибда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Ойликда белгиланган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, ижросини таъминлаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech