19 Июл 2025 йил 577

Ота-она ишончини бой берган ўғил

Суднинг қора курсисида ёш, куч-қувватга тўла, соғлом, ота-она не-не қийинчиликлар, умидлар билан вояга етказган ўғил боши хам ўтирибди. Ота-она ҳайрон; кам-кўстсиз, ҳеч нарсага зориқтирмай, ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказган фарзанди жиноятга қўл урганига ишонгиси келмайди. Судда она: ота келишга ор қилди. “Фақат қамалмаса бўлгани, ёш умри хазон бўлмасин” деган ўйда онаизор суд ҳайъатининг ҳукмини интиқ ва ҳаяжон билан кутмоқда. Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди очиқ сайёр суд мажлисида 2002 йилда туғилган, маълумоти тугалланмаган олий, бўйдоқ, муқаддам судланмаган Э.Искандарнинг жиноий қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, ўз ҳукмини эълон қилди. Уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “г” бандлари (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Маҳалла аҳли олдида қилмишидан чин дилдан пушаймонлигини, бу иш бошқа такрорланмаслиги, уни кечиришларини сўраб қилган мурожаатлари, муқаддам судланмаганлиги, оилавий шароити, айбига иқрорлиги, хатосини тушуниб етганлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги эътиборга олиниб, у иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.
Бу иш бўлмаслиги мумкинмиди? Ҳа, агарда Искандар ўзгалар молига кўз олайтирмай, ҳалоллик йўлини танлаганида, “ўғлимиз институтда ўқияпти, оқ-қорани танияпти, кексайганимизда бизларга таянч бўлади”, деган ниятда яшаётган ота-онасининг орзу-умидларини рўёбга чиқаришни ўйлаганида бундай бўлмасди, албатта. У эса қинғир йўлни танлади.
Ўзгаларни алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш ниятида ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, олдиндан тузган режасига кўра, 2024 йилнинг 4 февралида ижтимоий тармоқлар орқали ижарага хонадонлар бериш ҳақида мижозни қизиқтирувчи турли эълонларни жойлаштирди. Унинг алдовларига ишонган Ҳ.Ойбек 1.500.000, М.Фарида 1.000.000, А.Зулфия 1.000.000 сўмни унинг пластик картасига ўтказиб бердилар. Бироқ на ижара хонадонидан на Искандардан дарак бўлавермагач, вақтни бой бермай ички ишлар органларига мурожаат қилишди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: фириб йўли билан топилган пуллар Искандарга қандай ёрдам берди ёки фойда келтирди, қачонки жазони енгиллатиш учун улар эгаларига қайтарилган бўлса?

Мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармаси Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Феруз Исмоиловнинг иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech