26 Июл 2025 йил 548

“Осойишталик – Ҳар Биримизнинг Бурчимиз”

Жорий йилнинг 15-июл кунидан, 15-август кунига қадар Республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири Яккасарой туманида ҳам бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир туман Ички ишлар бошқармасида ташкил этилиб, унда туман ҳокими Нилуфар Аллабергенова, туман прокурори Бекзод Шамшиев, ИИО ФМБ бошлиғи Алишер Муродов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ҳамда “маҳалла еттилиги” иштирок этди.

Тадбирнинг бош мақсади – маҳаллаларда хавфсиз ва барқарор муҳит яратиш, жамоат тартибини таъминлаш ҳамда фуқаролар учун осойишта ҳаёт шароитларини кафолатлаш масалаларини янада такомиллаштиришдан иборат бўлди.

Унда сўзга чиққанлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик чораларни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот бериб, мавжуд вазифаларни муҳокама қилдилар.

Йиғилиш якунида барча масъул ходимларга “Долзарб 90 кун” ҳамда “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасидаги тадбирларни самарали ўтказиш, профилактик ишларни янада инновацион ёндашувлар асосида олиб бориш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Унутманг! Осойишталик ва хавфсизлик – бу нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки жамиятнинг ҳар бир аъзосининг умумий бурчи ва масъулиятидир.

Яккасарой туман ҳокимлиги Матбуот хизмати

Барча янгиликлар

Text to speech