30 Июн 2025 йил 947

Орзу орзулигича қолмасин

Пойтахт ИИББ сафларида қалб амри билан ушбу соҳани танлаб, самарали меҳнат қилиб келаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Шулардан бири лейтенант Дилдора Хўжаевадир. Гарчи оиласида ички ишларда хизмат қилганлар бўлмасада Дилдора ўз қизиқишлари, орзулари замирида мазкур касбни танлади. Ота-онаси: касби жарроҳ бўлган Дилмурод ака ва кўп йиллардан буён ўқитувчи бўлиб ишлаб келаётган Гўзал опалар қизининг хоҳиш-истагига монеълик қилмади. Аксинча, қўллаб-қувватлади. У Ўзбекистон республикаси ИИВ Академиясига ўқишга кириб, эксперт-криминалистика йўналишида таҳсил олди. 2023 йилда ўқув даргоҳини муваффақиятли тамомлаб, ИИББ Миробод тумани ИИО ФМБ Эксперт-криминалистика бўлимида эксперт-криминалист лавозимида фаолиятини бошлади. Ёш, синчков, қизиқувчан, тиришқоқ ходимга бўлим бошлиғи, подполковник Эдуард Шестокриловнинг ўзи мураббийлик қилди. Ўзининг илк хизмат даврлари ҳақида Дилдора шундай дейди:

– Ёнғин содир бўлгани, унда жабрланувчи борлиги ҳақида хабар тушиши билан тезкор гуруҳи таркибида мен ҳам воқеа жойига йўл олдик. Уй ичига киргач, ёниб кетган мурдани кўргач, қўрқиб кетиб, ўзимни йўқотиб қўйдим. Устозимнинг далдаси, оталарча йўл-йўриғи, вазифа масъулиятини ёдга солиши мени руҳлантирди.Тезда ўзимни қўлга олдим. Қўл-оёқларим қалтираши зумда ўтиб кетди. Устозим ҳар бир ҳаракатимни кузатиб, ишимни назорат қилиб турган. Шу-шу ҳар қандай шароитда ҳиссиётларга берилмаслик, хизмат вазифамни тўлақонли бажариш лозимлигини англаганман. Чунки, ҳар бир йўл қўйилган хато жиноятчининг фойдасига ишлаши, тергов ҳаракатларига салбий таъсир қўрсатиши мумкин. Бу эса кечириб бўлмас ҳолат.

Бугунги кунда лейтенант Дилдора Хўжаева Миробод тумани ИИО ФМБ Эксперт-криминалистика бўлими эксперти лавозимида хизмат олиб бораркан, ИИВ Академиясида олган билимларини амалиётда муваффақиятли қўллаётган, ўз устида мунтазам ишлаш билан катталарнинг тажрибасини ўрганиб келаётган ёш ходимлардан. У ўзи сингари ёшларга орзу орзулигича қолмаслиги учун интилиши, ҳар ким ўз олдига катта мақсадлар қўйиши ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлайди. Унинг шиори – ҳар нарсага ижобий қараш ва қийинчиликларга енгилмаслик. Ёш ходимамизга бу йўлда ҳамиша куч-қувват ва ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишишида омад тилаб қоламиз.

Барча янгиликлар

Text to speech