Жорий йил бошида Президентимиз томонидан қабул қилинган маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида маҳалла жамоат жойлари ва яшаш хонадонларида хавфсиз муҳитни яратиш, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини сақлаш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига замонавий рақамли технологиялар ва техник воситаларни кенг жорий этиш масалалари кўрсатиб ўтилган. Шунга асосан, аҳоли гавжум жойларда, савдо мажмуалари, давлат аҳамиятига молик масканларда содир этилган жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар ҳақида тезкорлик билан хабар беришни йўлга қўйиш мақсадида, ҳудудлар зарурияти ўрганилиб, бундай жойларда видеокузатув мосламалари, “ташвиш” тугмалари ўрнатилмоқда, махсус қўриқлов хизматига интеграция қилинмоқда. Шунингдек, ўрнатилган мазкур қурилмаларнинг тўғри уланганлиги, созлиги, ишчи ҳолати туманлар кесимида ўрганиб чиқилмоқда. Навбатдаги шундай тадбир Сергели тумани ИИО ФМБ раҳбари ҳамда соҳа мутахассислари томонидан туман ҳудудида жойлашган бозорларда ўтказилди. Назорат текшируви жараёнида уларнинг қонунийлиги, тўғри жойлашуви ҳамда техник талабларга тўлиқ жавоб бериши аниқланди. ИИББ “Қўриқлаш” хизмати фаолиятига назар солсак, биргина апрель ойида хизмат томонидан 716 та объект қўриқловга олинган. Жумладан: 11 та бозор, 113 та савдо дўконлари, 5 та дорихона, 91 та умумий овқатланиш тармоқлари, 36 та ресторан ва тўйхоналар, 48 та компьютер ўйингоҳлари, 12 та масжидлар, 13 та банкомат ўрнатилган жойлар ҳамда бошқа объектлар 345 тани ташкил этади. Ҳар бир қўриқловга олинган объектлар соҳа мутахассислари томонидан даврий равишда кўрикдан ўтказилиб, қурилмаларнинг узлуксиз ишлаши таъминланади. Бу чора-тадбирлар пойтахтимизнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан ҳоли тинч ва осойишта макон бўлишига хизмат қилади.