18 Сентябр 2025 йил 355

Ўқув даргоҳларида тарғибот тадбирлари

Пойтахтимиз ҳудудида фаолият юритаётган таълим даргоҳлари ўқувчи ва талабалари ўртасида жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, айниқса бугунги кун муаммосига айланаётган гиёҳвандлик ва кибермаконда чуқур илдиз отиб бораётган кибержиноятларга қарши кураш мавзусига бағишланган профилактик тадбирлар: очиқ мулоқот тарзидаги учрашув, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар изчил равишда ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадбирлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, айниқса ахборот технологиялари соҳасида содир бўлаётган киберфирибгарлик, шахсий маълумотлардан фойдаланиб товламачилик, мўмай пул эвазига гиёҳвандлик моддалари савдоси, истеъмолига даъват, ақидапарастлик, зўравонликни тарғиб қилиш каби жамиятимиз, қадриятларимизга ёт бўлган салбий иллатларга қарши курашиш, ҳимоя иммунитетини шакллантириш, ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган. Ҳар бир ўқувчи ва талабанинг диққатига бу каби жиноятлар, салбий ҳаракатларнинг мудҳиш оқибатлари, оилалар бошига келтираётган кулфатлар, шахснинг маънавий таназзулга юз тутиши ҳаққоний далиллар мисолида келтириб ўтилаётгани тадбирнинг жонли ва ҳаққонийлигини таъминлаб, иштирокчиларнинг ҳушёрлиги ва огоҳлигини кучайтиришга, ўз келажакларига бепарво бўлмасликка ундамоқда.
Куннинг долзарб муаммосига айланган мавзуга бағишланган тадбирлар Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси масъул вакиллари ҳамда Олмазор тумани ИИО ФМБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни олдини олиш бўлими мутахассислари томонидан Ўзбекистон Миллий университетида, Юнусобод тумани ИИО ФМБ соҳавий хизматлар масъуллари томонидан Тошкент Молия институти ҳамда Tashkent International Universityда ўтказилди. Талабалар билан ўтказилган мазкур учрашув ва давра суҳбатларида маърузачилар кўп сонли аудитория эътиборига ахборот технологиялари соҳасида содир этилаётган жиноий ҳаракатлар, фейк маълумотларга тўхталиб, киберхавфсизлик қоидаларига риоя қилишни ўрганиш, ижтимоий тармоқлар имкониятидан тўғри фойдаланиш бўйича маъруза қилдилар. Шунингдек, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларга ружу қўйиш ҳолатларининг олдини олиш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда огоҳликни кучайтириш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар берилди. Бундай учрашувлар талабалар учун фойдали бўлиб, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, замонавий ахборот маконида ўзини ҳимоя қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилгани, салбий иллатлардан ҳимояланиш, соғлом турмуш тарзини танлашга тарғиб, огоҳлик ва ҳушёрликка чақириш билан аҳамиятлидир.

Барча янгиликлар

Text to speech