Ёш авлодни ватанпарварлик, юртга садоқат, халқ манфаатлари ҳимоячилари, аждодларимиз қолдирган улкан мероснинг муносиб давомчилари руҳида тарбиялашда музейларнинг аҳамияти беқиёсдир. Зотан, мамлакатнинг ўз мустақиллигига эришиши, бу жараёнлардаги дастлабки қадамлари, муваффақият ва қаҳрамонлари ҳақида ҳикоя қилувчи далиллар, осори-атиқаларни сохталаштириб бўлмайди. Бугунги кунда Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг кўрсатмасига асосан Бош бошқарма қошида фаолият юритаётган “Шон-шараф” музейи янгиланишга юз тутмоқда. Мазкур улкан тарбиявий аҳамиятга эга маскан пойтахт ИИББ томонидан пойтахт ҳудудида тинчлик-осойишталикни сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш, ички ишлар органларининг ташкил топган кунидан бугунги кунигача босиб ўтган шонли тарихи ҳақида сўзловчи далилий ашёлар билан янада тўлдирилиб, ахборот-маълумотлар тизими янгиланмоқда. Бу эзгу-хайрли ишларни пойтахт Бош бошқармасида узоқ йиллар ишлаб, айни дамда нафақа гаштини сураётган бир гуруҳ ташаббускор ички ишлар фахрийлари амалга оширишмоқда. Ушбу даргоҳ ёш авлодни ватанпарварлик, элпарварлик руҳида тарбиялаш, шаҳри азимда жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ишларида жонларини фидо қилган мард ва фидойи ходимларнинг ишларини муносиб давомчилари бўлишга, улардан ибрат олишда муҳим аҳамият касб этади.