5 Сентябр 2024 йил 953

Оммавий оферта шартлари билан тўлиқ танишинг

Бугунги кунда ҳаётимизни замонавий гаджетларсиз тасаввур қила олмаймиз. Гаджетлар ёрдамида касбимиз, маиший хизматлар, соғлиғимиз, хонадонимиз ва бошқа шахсий юмушларимиз учун керакли бўлган турли хил электрон дастурлардан фойдаланамиз.  

Дастурлар икки турга бўлинади: пуллик ва бепул.

Пуллик дастурлар хизмат кўрсатишни бошлашдан олдин ўзаро битим имзолашни талаб этади. Бу борада масофа халал бермаслиги учун оммавий оферта ишлаб чиқилган бўлиб, унда хизмат кўрсатувчи ва мижоз ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятлар тақсимланиб, ўзаро имзоланади. Бу жараён онлайн тарзда амалга оширилади.

Оферта, офферта (лотинча: offero — “таклиф этаман”) — бир шахснинг бошқа шахсга товар етказиб бериш, бирор бир хизмат кўрсатиш ёки бошқа ҳаракат учун шартнома тузиш истаги ва шартлари ҳақида ёзма ёки оғзаки хабарнома ҳисобланади. Шундай хабар юборган жисмоний ёки юридик шахс офферент, хабарнома олган шахс акцептант деб аталади.

Оммавий оферта – бу икки томон, одатда, хизмат кўрсатувчи ва истеъмолчи ўртасидаги битим шартларини белгилайдиган ҳуқуқий ҳужжат. Кредит олиш ёки шартномавий (пуллик) муносабатларга кириш имкониятини кўриб чиқяпсизми, оммавий офертани ёки битим билан боғлиқ шартномани диққат билан ўқиб чиқиш ва тушуниш жуда муҳимдир. Ушбу ҳужжат иштирок этган томонлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар учун асос бўлиб хизмат қилади ва ҳар бир томоннинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида муҳим маълумотларни тақдим этади.

Лекин унутмаслик керакки, бу каби оммавий оферта шартлари билан тўлиқ танишиб чиқмай туриб, қабул қилиниши оқибатида кўплаб молиявий муаммолар келиб чиқиши мумкин.

Масалан, фуқаро Б. ўзининг инстаграм саҳифасида видео-ролик кўраётган пайтида, соғлом озиш ҳақидаги вебинарни кўриб қолади, унга қизиқиб, келтирилган ҳаволани босиш орқали web-саҳифага киради, у орқали рўйхатдан ўтиш давомида оммавий офертани қабул қилиб, бир неча кун дастурдан бепул фойдаланади. Бепул фойдаланиш даври тугаганидан сўнг эса озиш бўйича олаётган қўлланмалар учун обуна пули ойма-ой маълум миқдорда пластик картасидан ечилади. Фуқаро Б. эса бундан бехабар, пластик картасидан пул ўғирланаётганлиги ҳақида 102 рақамига мурожаат қилади.

Бу каби ҳолатлар ўрганилганда, оммавий офертанинг ичида ушбу web-дастурдан фойдаланиш уч кун бепул эканлиги, қолган кунлари ҳар ойлик тўлов ҳисобидан пуллик обуна бўлиши, фуқаро бунга рози бўлганлиги юзасидан “Розилик” тугмасини босганлиги аниқланган. Суриштирув жараёнида аризачи оммавий оферта шартлари билан тўлиқ танишмасдан “Кейинга ўтиш” тугмаларини босаверганлигини маълум қилган.  

Юқоридаги мисолга қайтадиган бўлсак, фуқаро Б. соғлом озиш бўйича олаётган қўлланмалари учун уч ой мобайнида web-дастурдан фойдаланиб келиши давомида ушбу web-дастурга боғлаган пластик картасидан пул маблағлари ечиб олинган.

Ҳурматли фуқаролар, бу каби ҳолатга тушмаслик ва пластик картангиздаги пуллар қаерга ғойиб бўлаётганлигидан хавотир олмаслик учун қуйидаги маслаҳатларга амал қилинг:

• Кредит расмийлаштириш, web-дастурларни юклаб олиш, шартномавий (пуллик) муносабатга киришишда оммавий оферта ёхуд тақдим этилган шартнома шартлари билан тўлиқ танишиб чиқинг.

• web-дастурлардан пуллик хизмат ёрдамида фойдаланиш ниятингиз бўлмаса, пластик картангизни ушбу дастурларга боғламанг. Пластик картангиз маълумотлари сўралса, огоҳ бўлинг!  

• Шартномани имзолаш учун шартнома ўзингиз яхши биладиган тилда тақдим этилишини талаб қилинг ва ўзингизга бир нусхасини олинг, уни албатта сақлаб қўйинг.

• Кредит (қарз) шартномаси шартларида истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган талаблар киритилмаганлигига аҳамият беринг;

• Кредит фоизлари ва қўшимча хизматлар (тўловлар) билан танишиб, тўлов усулини ва суғурталовчини эркин танлаш ҳуқуқидан фойдаланинг.

Барча янгиликлар

Text to speech