Яшнобод тумани ИИО ФМБ раҳбарияти ва масъуллари томонидан туманда жойлашган Ajou институтида 220 нафар ҳамда Стоматология институтида 260 нафар талабалар билан давра суҳбатлари ўтказилди. “Соғлом турмуш тарзи”, “Гиёҳвандлик – аср вабоси, ундан ёшларимизни асрайлик!”, “Кибер таҳдидлардан огоҳ бўлинг!” мавзуларига бағишланган учрашувларда талабалардан ташқари олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари, гуруҳ тюторлари, ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходимлари иштирок этишди. Катта аудитория олдида сўзга чиққанлар асримизнинг глобал муаммосига айланиб улгурган гиёҳвандлик балоси, унинг инсон саломатлиги, руҳиятига хавфли таъсири, оила ва жамият инқирозига етакловчи мудҳиш оқибатлари, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш натижасида содир этилаётган жиноятлар таҳлили билан таништириб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, қонунда гиёҳвандлик моддаларни ўтказиш, тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар учун белгиланган жавобгарликлар ҳақидаги маълумотларга тўхталди.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали “тинчлантирувчи”, “кайфиятни кўтарувчи беозор дори” сифатида тавсия этилаётган, аммо инсон руҳиятига қаттиқ таъсир қилувчи психотроп дори воситалари мисол тариқасида келтирилиб, йиғилганлар ҳушёрлик ва огоҳликка чақирилди. Шу билан бирга мазкур иллатларга қарши самарали курашнинг инновацион усуллари ва воситалари таъкидланиб, ёшларга тармоқлардаги турли фейк маълумотларга ишонмаслик, ижтимоий тармоқларни ўзлари учун фойдали, билими, дунёқарашини ошириш, бахтли келажагини яратиш, маънавий муҳит соғломлиги ва барқарорлигини таъминлаш йўлида фойдаланиш бўйича зарурий кўрсатма ва тавсиялар берилди. Учрашув иштирокчиларнинг кўплаб саволларига жавоб бериш билан давом этди. Якунида эса йиғилганларга мавзуга оид буклетлар тарқатилди. Бу каби кенг қамровли тарғибот тадбирлари пойтахт туманларида давом эттирилмоқда.