21 Июн 2025 йил 416

Ғолибларимизни табриклаймиз!

Бугун Юнусобод туманидаги “Саҳоват сервис” спорт мажмуасида спортнинг волейбол тури бўйича маҳалла ёшлари ўртасида “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақасининг республика босқичи бўлиб ўтди. “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкиллаштирилган мазкур мусобақа ёшлар орасида спортни янада оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва жамоавий спорт орқали ёшларни бирдамликка, ҳамжиҳатликка ўргатишга қаратилган.

Кескин ва шиддатли бўлиб ўтган ўйинларда Тошкент шаҳрининг иккита жамоаси Вазир кубогининг финалига йўлланмани қўлга киритди.

16-21 ёшли ўғил болалар ўртасидаги мусобақанинг Тошкент шаҳри номидан Юнусобод тумани жамоаси, 22-30 ёшли ўғил болалар ўртасидаги мусобақада Тошкент шаҳри номидан Яккасарой тумани жамоаси финал босқичида иштирок этди.

Қизғин ва муросасиз ўтган беллашувда Юнусобод тумани жамоаси Фарғона вилояти ёшлари билан беллашиб биринчи ўринни эгаллади. Яккасарой тумани ёшлари Сурхондарё вилояти жамоаси билан курашиб, сўзсиз ғолибликни қўлга киритди.

Ғолиб бўлган ёшларга мусобақа кубоги ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Пойтахт маҳалласи ёшларининг бугунги ғалабаси билан Тошкент шаҳар ИИББ номидан табриклаймиз. Уларга келгусидаги ҳаётида омад ва зафарлар тилаб қоламиз!

Барча янгиликлар

Text to speech