Маълумки, Президентимизнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони аҳоли орасида спортни кенг тарғиб қилиш ва оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган. Мана шу Фармон ижросини таъминлаш миақсадида ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, улар саломатлигини яхшилаш, шунингдек улар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил этиб келинмоқда. Жорий йилнинг 26-28 май кунлари Бош бошқарма тизимларда хизмат олиб бораётган аёл-ходималар ўртасида “Волейбол” спорт тури бўйича мусобақа ўтказилди. Унда Бош бошқарма таркибий ва ҳудудий тузилмаларидан 14 та жамоа спортнинг мазкур тури бўйича ғолиблик учун беллашишди. Мусобақанинг 1-босқич натижаларига кўра ИИББ ППХБ, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Олмазор, Учтепа, Яшнобод туман ИИО ФМБлари ва “Қўриқлаш” бошқармаси жамоалари зафар қучиб, ярим финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Ярим финал ўйинларида жонбозлик, чаққонлик ва уюшқоқлик билан ҳаракат қилган ИИББ ППХБ, Мирзо Улуғбек, Учтепа туман ИИО ФМБлари, “Қўриқлаш” бошқармаси спортчи-ходималари рақибларидан устун келиб финал босқичига йўлланма олишди. 28 май куни Республика ИИВ “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуасида ўтказилган финал учрашувида шоҳсупанинг биринчи поғонасини эгаллаш учун жамоалар ўртасида қизғин ва муросасиз кураш кетди. Мухлисларнинг ўз жамоаларини ғалабага бўлган ундашлари ва қўллаб-қувватлашлари, спортчиларнинг аниқ ва тўғри тўп узатишлари, дадил ва ишончли ҳаракатлари туфайли 1-ўрин Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ, 2-ўрин Тошкент шаҳар “Қўриқлаш” бошқармаси, 3-ўрин ИИББ ППХ бригадаси жамоасига насиб этди. Ғолиб жамоаларга тантанали равишда қимматбаҳо совғалар ва тегишли дипломлар тақдим этилди. Хизмат ҳамда оиладаги вазифаларини сидқидилдан бажариш билан бирга спорт билан шуғулланишни канда қилмай юқори натижаларга эришаётган ғолиб жамоа – аёл-ходималаримизни зафар билан табриклаб уларга саломатлик ва оилавий тинчлик хотиржамлик, шарафли ишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.