“Хавфсиз ва соғлом юрт” доирасида амалга оширилиши белгиланган тезкор-профилактик тадбирлар пойтахтимизнинг барча ҳудудий тизимларида самарали олиб борилмоқда. Белгиланган учрашувлардан навбатдагиси Бектемир тумани ИИОФМБ томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда “Қуюв-механика заводи” акциядорлик жамиятларида бўлиб ўтди. Ҳар икки жамият масъуллари, ишчи-хизматчилари иштирокидаги учрашувда сўзга чиққан туман ИИОФМБ бошлиғи, подполковник Улуғбек Назаров дунёнинг глобаллашуви негизида тобора инсониятни қамраб олаётган, унинг инқирозга юз тутишига олиб келаётган гиёҳвандлик балоси муаммоларига тўхталди. Гиёҳвандлик билан бир қаторда психотроп, инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмаси, энг афсусланарлиси, ўз гирдобига ёшларни ҳам тортаётганини мисоллар ёрдамида таъкидлади. Гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўринишига қарши кураш, мустаҳкам иммунитетни шакллантириш мақсадида, ёшлар ўртасида профилактик-тушунтириш ишларини кучайтириш лозимлиги, бунга ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши, ёшларнинг, фарзандларнинг юриш-туриши, қизиқишлари, нималар билан шуғулланаётганлигини назорат қилиши зарурлиги эътироф этилди. Шунингдек, учрашувда интернет маконларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи, унга даъват этувчи гуруҳ ва каналларга аъзо бўлмаслик, бундайлар аниқланганда, ички ишлар органларига хабар бериш кераклиги эслатиб ўтилди. Қизиқарли ва иштирокчиларнинг фаоллиги руҳида ўтган тадбирда йиғилганлар гиёҳвандлик билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларига тўлақонли жавоблар олишди. Бу каби тадбирлар туманда жойлашган барча корхона ва ташкилотлар қамровида ўтказиб келинмоқда.