Инсонга хато қилиш хос. Бироқ инсон айбини англаб, қилмишидан чин пушаймон бўлса, жамият қонун-қоидаларига риоя қилса, ҳалоллик йўлини, соғлом турмуш тарзини танласа унга барча имкониятлар ва эзгулик эшиклари очиқ. Жазо чоралари ҳам енгилига алмаштирилиб, қўллаб-қувватланади, ижтимоий ва бошқа ёрдам кўрсатилади. Бунга мисол қилиб куни кеча Юнусобод туманида жойлашган “Астробод” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган хайрли тадбирни келтириш мумкин. Тадбирда туман ИИО ФМБ Пробация бўлими ҳисобида бўлган, тузалиш йўлига ўтган маҳкумларни жазодан озод қилишга қаратилган сайёр суд ўтказилди. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан ташкил этилган сайёр судда бўлим ҳисобида турувчи 14 нафар маҳкумларга нисбатан тайёрланган тақдимномалар атрофлича кўриб чиқилди. Тақдимномаларни синчиклаб ўрганиб чиққан ҳамда маҳкумлар билан савол-жавоблар ўтказган судья томонидан мазкур шахсларнинг белгиланган жазо муддатларини намунали тарзда ўтаётганлиги, меҳнатга ҳалол муносабати, ахлоқан тузалиш йўлига ўтганлиги, содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймонлиги, оилавий аҳволи инобатга олиниб, Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан, ушбу шахслар шартли равишда жазо муддатидан илгари озод қилинди. Бу каби инсонпарварлик, мурувват ва одамийлик сифатларини намоён этиш халқимизга хос сифат бўлиб, яхшилик томон қўйилган ҳар бир қадам жавобсиз қолмаслигига ишорадир.