Спорт юртимиз миқёсида тобора оммалашиб бормоқда. Унинг вазирлик, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланиши аҳолининг спорт билан шуғулланишига рағбатини кучайтирмоқда. Спортнинг волейбол тури бўйича Ўзбекистон республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ кубоклари ўтказилиши ана шу хайрли ишлардан дарак. Куни кеча Юнусобод туманида Тошкент шаҳар ИИББ кубогининг туман босқичи ғолиблари аниқланиб, уларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирга туман ҳокимлиги, Ёшлар бўлими, Спорт мактаби, Олий таълим муассаса раҳбариятлари таклиф этилди. Туман ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари Ғайрат Тошбеков тадбирни кириш сўзи билан очиб бераркан, ёшлар жамоасини зафар билан табриклаб, шаҳар босқичидаги мусобақаларда ҳам муваффақиятли қатнашишлари, туман шаънини муносиб ҳимоя қилишларида омад тилади. 16-21 ёш тоифасида беллашишган ўғил ва қиз болалар жамоаси ўйинлари натижаларига кўра: 3- ўрин “Адолат” МФЙ; 2-ўрин “Отчопар-2” МФЙ ва 1-ўрин “Нурмакон” МФЙ жамоаларига насиб этди. Ғолиб жамоалар шаҳар босқичига йўлланмани қўлга киритди ва уларга диплом ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.