Пойтахтнинг қаерига қараманг, қурилиш. Осмонўпар бинолар жадал суръатларда қад кўтариб бормоқда. Суннатилла ҳам ана шундай қурилишларнинг бирида оддий ишчи. 2024 йилнинг 28 апрель куни ҳам одатдагидек ишга борди. Ҳамкасблари билан тонги салом-аликдан сўнг ишга киришди. Қурилиш ишлари оғир, ўзига яраша жисмоний куч талаб қилади. Бу ёқда эса “хўжайинлар” иморатни тезроқ битириш пайида шоширгани-шоширган. Бу эса асабга тегади. Соат 10.30 ларда ҳамкасби Шаҳобиддин унга кетмон олиб келишни буюрди. Деворга ғишт тераётган Суннатиллага бу ёқмади.
— Нега менга иш буюрасан, сенга керакми, ўзинг олиб кел! — деди. — Хайриятки, бирон мансабинг йўқ. Бўлганида бизнинг ҳолимизга вой экан-да. Бувимнинг бир мақоли бўларди: “Ўзим кал-у, кўнглим нозик”, деган, — деди Шаҳобиддин уни камситиб.
Суннатиллага унинг гапи оғир ботди. У ишини йиғиштириб, кетмонга кетди. Ҳамкасби гапим таъсир қилди, деб ичида хурсанд бўлди. Аммо Суннатилла кетмонни олиб келиб унинг боши, елкасига тушира кетди. Яхшиямки, ён-атрофдаги ҳамкасблар уни тўхтатиб қолишди. Йўқса, ҳақиқатан ҳам Шаҳобиддиннинг ўзи айтганидек, ҳоли вой эди. Улар томонидан чақирилган “Тез тиббий ёрдам” Шаҳобиддинни зудлик билан касалхонага олиб кетди.
— Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси жабрланувчига соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли – оғир тан жароҳати етказилганини тасдиқлади, — дейди Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Мирзоҳид Набиев. — Қилган ишидан пушаймон бўлган Суннатилла ҳамкасбининг соғайиб кетиши учун моддий ва маънавий ёрдам кўрсатди. Жабрдийда уни кечирди, бироқ бу ҳолат унинг қилмишига қонуний баҳо берилмайди, дегани эмас.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида 1997 йилда туғилган С.Суннатилланинг қилмишини кўриб чиқди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” ва “Д” бандлари (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Судланувчининг қилмишига пушаймонлиги, оилавий шароитининг оғирлигини ва енгилроқ жазо сўраб мурожаат қилганлигини инобатга олиб, Республика Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 1 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.