Яшнобод туманида “бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Куни кеча пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган Республика касбий кўникмалар марказида меҳнат билан банд бўлмаган ҳамда туман ИИО ФМБ Пробация хизмати назоратидаги шахсларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ташкиллаштирилди. Унда қатнашган 30 дан ортиқ иш берувчи корхона ва ташкилотлар масъуллари иштирокчиларга таклиф этилаётган мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумотларни тақдим этишиб, уларни қизиқтирган саволларига жавоблар беришди. Яшнобод тумани ИИО ФМБ Пробация хизмати назорати остида турувчи 25 нафар, шунингдек Мирзо Улуғбек, Бектемир, Миробод ва Юнусобод туманлари ИИО ФМБ Пробация хизмати рўйхатида турувчи олтмишдан ортиқ шахслар қатнашган тадбирда Яшнобод тумани ИИО ФМБ Пробация рўйхатида турувчи фуқароларнинг 12 нафари ишга, бир нафари касбга ўқитиш курсларига йўлланма олишга муваффақ бўлишди. Шунингдек, мазкур тадбирни ташкиллаштирган мутасаддилар томонидан келгусида аҳоли бандлиги ва даромадини оширишга эътибор қаратилиб, Пробация ҳамда профилактик ҳисобда турувчи меҳнат билан банд бўлмаган ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни ҳамкорликда ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.