Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Сарвар Жўраев туманда жойлашган “Файзли” ҳамда “Ал-Фарғоний” маҳаллаларида навбатдаги сайёр қабулларни ўтказди. Қабуллар давомида мазкур маҳаллаларда истиқомат қилиб келаётган фуқаролар мурожаатлари тингланиб, уларни қонуний ҳал этиш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. Аҳоли мурожаатларини ўрганиш чоғида айрим келтирилган далилларни пухта ўрганиш, ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан тегишли масъулларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди. Шунингдек, учрашув давомида Президентимизнинг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мазкур маҳалла ҳудудида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Туман маҳаллаларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда янгича ёндашувлар асосида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимини ташкиллаштириш бўйича амалга ошириладиган манзилли чора-тадбирлар, маҳалла “еттилиги” томонидан “йўл харитаси” доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишилиб, устувор йўналишлар белгилаб олинди. Шунингдек, маҳаллаларда жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан “маҳалла еттилиги” вакилларига топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.