7 Май 2025 йил 595

Янгиҳаёт туманидаги тадбирлар

Маҳаллаларнинг тинчлиги, уларда истиқомат қилиб келаётган турли миллат вакилларининг ўзаро тотувлиги жамиятнинг, қолаверса, юртимизнинг тинчлик-осойишталиги, барқарорлиги гаровидир. Бу борада ички ишлар органлари ва бошқа мутасадди идоралар масъуллари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, еттилиги, фаоллари ва аҳли ҳамкорлигида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг январида Президентимиз томонидан қабул қилинган республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада оширишга қаратилган қарорига кўра ишлар янада жадаллаштирилди. Қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича пойтахт Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ томонидан тумандаги “Ташаббус” маҳалласида 30 та хонадон ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида ишлаш талабида бўлган 3 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган бўлса, 3 нафарининг ўз-ўзини банд қилиш орқали бандлиги таъминланди, 6 нафари билан мурожаатлари бўйича ўтказилган профилактик суҳбатлар давомида ҳуқуқий тавсиялар берилди. Хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 2 нафар шахс субсидия асосида керакли иш жиҳозлари билан таъминланди. Республика Қуролли кучларида хизмат ўташ билан боғлиқ бўлган 1 нафар ёшнинг мурожаати ижобий ҳал қилинди. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, бемақсад юришларининг олдини олиш борасида бир гуруҳ ёшлар беш ташаббус олимпиадасига жалб этилди. Шунингдек, 60 дан ортиқ маҳалла аёллари қатнашган тадбирда малакали мутахассислар ОИТС ҳамда репродуктив саломатлик масалалари бўйича маърузалар қилишди.

Шу каби тадбир туманнинг “Янги умид” маҳалласида ҳам ўтказилиши натижасида 35 та хонадон ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида ишсиз бўлган 2 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 12 нафарининг бандлиги таъминланди, 9 нафари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг 2 нафарига касб-ҳунар эгаллаши учун йўлланмалар берилди, шунингдек, бир гуруҳ ёшлар беш ташаббус олимпиадасига жалб этилди. Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 4 нафар шахслар учун 40 миллион сўм кредит ажратилди. Бу ишларнинг давоми сифатида мазкур маҳаллалар ҳудудларига 41 та кузатув камералари ўрнатилиб, улар Бош бошқармага интеграция қилинди. Нотинч оилалар, ёлғиз яшовчи ва имкониятлари чекланган шахслар истиқомат қилувчи хусусий ҳамда 7 та кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига 12 та “ташвиш” тугмалари ўрнатилди. Маҳаллаларни ўрганиш, ҳудудларда хавфсиз муҳитни яратиш ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш масалалари ечимини биргаликда ҳал қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech